#xushxabar #yangi_nashr
Юртимиз алломалари қолдирган бебаҳо илмий асарларни ўрганиш, уларни она тилимизга таржима қилиб халқимизга етказиш бугунги куннинг муҳим масалаларидан.
Улуғ ватандошимиз, қомусий олим Имом Абулқосим Маҳмуд ибн Умар Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Мақомоти Замахшарий” асари ана шундай қимматли манбалардан бири ҳисобланади.
Орадан қарийб минг йил ўтганига қарамай ҳалигача аҳамиятини йўқотмай келаётган ушбу нодир асар Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари, устоз Ҳомиджон қори Ишматбеков томонидан таржима қилиниб, нашр этилди.
Ушбу асар элликта мақомадан иборат бўлиб, унда ҳар бир мусулмон кишида бўлиши талаб этиладиган поклик, қаноат, нафс тарбияси, иффат, дўстлик, тақво, сабр, шукр, Аллоҳдан қўрқиш каби гўзал одоблардан намуналар баён қилинган.
Араб тилига қизиқувчи, келажакда тилшунос бўлиш истагида бўлганлар учун ҳам муҳим манба бўлган ушбу асарни Аллоҳ таоло халқимизга муборак айласин!
Маълумот ўрнида, "Мақомати Замахшарий" китобини юртимиздаги китоб дўконлари ҳамда "Шамсиддинхон Бобохонов" нашриёт матбаа ижодий уйидан харид қилиш мумкин. (Боғланиш рақамлари: +998712273430, +998998391607).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
«Вақф» хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти филиалининг фидойи ходимлари ва волонтёрлари томонидан саховатпеша халқимиз томонидан қилинган хайр-эҳсонлар эзгу мақсадлар йўлида сарфланмоқда.
Навбатдаги хайрия тадбири доирасида Учкўприк туманида яшовчи, жигар циррози касаллигига чалинган оғир бемор Казаков Илёсжон Ёқубовичнинг ҳолидан хабар олиниб, унга жарроҳлик амалиёти харажатлари учун 132 миллион 500 минг сўм миқдорида хайрия маблағи, озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмаси, Мусҳаф ва бошқа эҳсонлар топширилди.
Бугун беморлар ва эҳтиёжманд инсонларга кўрсатилаётган бундай кўмак — халқимизнинг меҳр-оқибати, саховати ва ҳамжиҳатлигининг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати