Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Ўзингни номаълумлик ерига кўм!” Одамлар эътибори алдамчидир, бу ширин ёлғон, ширин заҳар каби ҳалок қилмасин, умрингни ёқиб кулини кўкка совурмасин.
Вафот қилганингда "Жасад қани?", "Мурда қаерда?" дейишади. Исмингни айтишмайди…
Жаноза намозингни ўқимоқчи бўлишганда "Тобутни ҳозирланглар", дейишади. Исмингни айтишмайди…
Дафн қилишаётганда "Маййитни олиб келинглар", дейишади. Исмингни айтишмайди…
Шундай экан, қавминг, мансабинг, наслу насабинг сени алдаб қўймасин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ер юзида яшаган ҳайвонлардан бирортаси жаннатга кирадими ва агар шундай бўлса, қайсилари?
Жавоб: Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “...Ва вақтики, ваҳший ҳайвонлар бир жойга тўпланса” (Таквир сураси, 5-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Қиёмат куни барча жонзот Аллоҳ таолонинг ҳузурига тўпланади”.
Демак, қиёмат куни сур чалинади ва ҳамма оламлар Роббининг ҳузурига тўпланади. Бироқ, тирилишдан кейинги абадий ҳаёт фақат одамлар ва жинлар учундир. Ҳайвонлар учун жаннат ёки дўзах, мукофот ё жазо йўқ. Аммо, солиҳларнинг дўсти бўлган ёки ҳақиқат йўлида вафот этган баъзи ҳайвонлар, Аллоҳ таолонинг иродаси билан Жаннатга кирадилар.
Масалан, Аллоҳ йўлида қурбон қилинган ҳайвонлар Жаннатга киради. Бундан ташқари, муфассир Имом Муқотилнинг “Мишкатул-Анвар” асарида қуйидаги ўнта ҳайвон ҳам Жаннатга кириши баён этилган:
1. Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳўкизи.
2. Исмоил алайҳиссалом ўрнига қурбон қилинган қўчқор.
3. Солиҳ алайҳиссаломнинг мўъжиза сифатида берилган туя.
4. Юнус алайҳиссаломни ютиб юборган балиқ.
5. Мусо алайҳиссаломнинг сигири.
6. Узайр алайҳиссаломнинг хачири.
7. Сулаймон алайҳиссаломнинг чумолиси.
8. Сулаймон алайҳиссаломнинг Малика Билқисга жўнатган ҳудҳуди.
9. Ғор эгаларининг Қитмир исмли ити.
10. Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг Қасво исмли туялари.
Даврон НУРМУҲАММАД