Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Ўзингни номаълумлик ерига кўм!” Одамлар эътибори алдамчидир, бу ширин ёлғон, ширин заҳар каби ҳалок қилмасин, умрингни ёқиб кулини кўкка совурмасин.
Вафот қилганингда "Жасад қани?", "Мурда қаерда?" дейишади. Исмингни айтишмайди…
Жаноза намозингни ўқимоқчи бўлишганда "Тобутни ҳозирланглар", дейишади. Исмингни айтишмайди…
Дафн қилишаётганда "Маййитни олиб келинглар", дейишади. Исмингни айтишмайди…
Шундай экан, қавминг, мансабинг, наслу насабинг сени алдаб қўймасин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун аёлларнинг исмидан энг маҳбуби Зайнаб бўлган. У зот ўзларининг тўнғич қизларига шу исмни қўйганлар.
Имом Муслим Зайнаб бинт Абу Саламадан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «Менинг исмим Барра эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни “Зайнаб” деб ўзгартирдилар. Зайнаб бинти Жаҳшнинг исми ҳам Барра эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳам “Зайнаб” деб ўзгартирдилар».
Муҳаммад ибн Амр ибн Ато розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қизимни Барра деб номладим. Зайнаб бинти Абу Салама менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмдан наҳий қилганлар. Мен Барра деб номланган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингизни ўзингиз пок деманг. Сизлардан ким яхшилик аҳли эканини Аллоҳ билувчидир», дедилар. «Уни нима деб номлайлик?» дейишди. «Зайнаб деб номланглар», дедилар».
Гўзал ва хушбўй бир дарахт ҳам “зайнаб” деб аталади.