Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
“Ўзингни номаълумлик ерига кўм!” Одамлар эътибори алдамчидир, бу ширин ёлғон, ширин заҳар каби ҳалок қилмасин, умрингни ёқиб кулини кўкка совурмасин.
Вафот қилганингда "Жасад қани?", "Мурда қаерда?" дейишади. Исмингни айтишмайди…
Жаноза намозингни ўқимоқчи бўлишганда "Тобутни ҳозирланглар", дейишади. Исмингни айтишмайди…
Дафн қилишаётганда "Маййитни олиб келинглар", дейишади. Исмингни айтишмайди…
Шундай экан, қавминг, мансабинг, наслу насабинг сени алдаб қўймасин.
Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким Қуръон ўқиса ва ундаги бор нарсаларга амал қилса, Қиёмат куни Аллоҳ унинг ота-онасига бир тож кийдирадики, унинг нури дунё қуёшининг нуридан ҳам гўзалроқдир. Энди бунга амал қилган киши ҳақида нима деб ўйлайсиз?!” (Имом Абу Довуд ривояти).
Шундай экан, беҳуда ўтаётган вақтингизни Қуръон ёдлаш билан жонлантиринг. Зеро, Аллоҳ таоло ҳузурида Қуръон аҳлининг мартабасидан юқори мартаба йўқдир.
Қуръон соҳиби ўз аҳли-оиласидан дўзах вожиб бўлган ўн кишини шафоат қилади.
Қуръон аҳли сабабли балолар ва ваболар кўтарилади, ёмғирлар ёғади ва улар қаерда бўлсалар, ўша ерга раҳматлар нозил бўлади.
Сиз ҳам ана шундай инсонлардан бири бўлишга ҳаракат қилинг.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ