Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон кетмайди… агар унинг асари қалбимизда қолса.
“Хайр, эй Рамазон”, деманглар. Балки: “Рамазонда бошлаган ҳаётимиз хуш келибсан”, денглар.
Чунки мўмин бир ибодатни тарк этмайди — балки бошқасига ўтади, бир яхшилик эшиги ёпилмайди — балки қалбида яна бошқа эшиклар очилади.
Доимо эсда тутинглар: Рамазоннинг Парвардигори — бутун йилнинг ҳам Парвардигоридир. Шунинг учун У билан бўлган аҳдни ой тугаши билан бузманглар.
Рўза — бу мактабдир. Ким ҳалол нарсалардан бир ой ўзини тийса, у ҳаромдан бутун умр ўзини тийишга қодир бўлади.
Қуръон — дўстдир. Уни Рамазонда кўз ёшларингиз ва қалб нурингиз билан безаган бўлсангиз, энди уни чанг босиб кетишига йўл қўйманглар.
Ийдни Рамазоннинг тугаш нуқтаси эмас, балки янги саҳифанинг бошланиши деб билинглар.
Қалбингизга тушган ўша сокинликни, руҳингизни поклаган ўша мусаффоликни асранглар.
Рамазондан кечиримлиликни олинглар, рўзадан сабрни, тунги ибодатдан Аллоҳга яқинлик лаззатини олинглар ва шу билан ҳаёт йўлларингизда давом этинглар.
“Ибрат фақат рўза тутиб, тунни қоим қилганда эмас, балки тавбаси қабул бўлиб, истиқоматда собит қолган кишидадир”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шояд, бугун бошимга тушган бу ғам,
Кун келар ортидан бўлиб шоду ҳуррам.
Бирор фойдали китоб ўқиш ёки фойдали нарсалар эшитиш орқали ўз устингизда ишланг ва тажрибангизни оширинг. Қуръони каримнинг муаттар тиловатларини жим сокинлик билан тингланг. Гоҳида биргина оят сизнинг вужудингизни тебратиши, ич-ичингизгача етиб бориши ва виждонингизга хитоб қилиши мумкин.
Ҳадис китобларини мутолаа қилинг, суюкли Ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини ўқинг ва солиҳлар гулшанига сайр этинг. Аслида, сизнинг давоингиз Қуръон ва суннатда, роҳатингиз иймонда, кўз қувончингиз намозда, қалбингиз саломатлиги розиликда, кўнглингиз хотиржамлиги қаноатда, юзингиз гўзаллиги таббасумда, номусингиз ҳимояси иффатда ва қалбингиз хотиржамлиги зикрдадир. Буни асло унутманг.
Шуъла: Мазлумнинг дуоси ва бечораҳол кишининг кўз ёшидан эҳтиёт бўлинг.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан