Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Рамазон кетмайди… агар унинг асари қалбимизда қолса.
“Хайр, эй Рамазон”, деманглар. Балки: “Рамазонда бошлаган ҳаётимиз хуш келибсан”, денглар.
Чунки мўмин бир ибодатни тарк этмайди — балки бошқасига ўтади, бир яхшилик эшиги ёпилмайди — балки қалбида яна бошқа эшиклар очилади.
Доимо эсда тутинглар: Рамазоннинг Парвардигори — бутун йилнинг ҳам Парвардигоридир. Шунинг учун У билан бўлган аҳдни ой тугаши билан бузманглар.
Рўза — бу мактабдир. Ким ҳалол нарсалардан бир ой ўзини тийса, у ҳаромдан бутун умр ўзини тийишга қодир бўлади.
Қуръон — дўстдир. Уни Рамазонда кўз ёшларингиз ва қалб нурингиз билан безаган бўлсангиз, энди уни чанг босиб кетишига йўл қўйманглар.
Ийдни Рамазоннинг тугаш нуқтаси эмас, балки янги саҳифанинг бошланиши деб билинглар.
Қалбингизга тушган ўша сокинликни, руҳингизни поклаган ўша мусаффоликни асранглар.
Рамазондан кечиримлиликни олинглар, рўзадан сабрни, тунги ибодатдан Аллоҳга яқинлик лаззатини олинглар ва шу билан ҳаёт йўлларингизда давом этинглар.
“Ибрат фақат рўза тутиб, тунни қоим қилганда эмас, балки тавбаси қабул бўлиб, истиқоматда собит қолган кишидадир”.
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен фитр рўзамни ҳайит намозидан олдин бера олмаган эдим. Уни шу кунларда берсам ҳам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Рамазон ҳайити куни ҳайит намозини ўқишдан олдин фитр садақасини адо этиб қўйиш мустаҳаб амал саналади. Ундан аввал бериб қўйиш ҳам мумкин. Лекин кимдир ҳайит намозигача ҳам адо эта олмаган бўлса, намоздан кейин ёки бошқа кунларда бериб қўяди. Чунки у адо этилмагунча зиммадан соқит бўлмай тураверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.