Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ризқ бу – бомдод намозига ўз вақтида улгуришингиз, мол-мулкингизда камбағалларнинг насибаси бўлиши, бирор кунингиз Қуръондан ўз вирдингизни ўқимасдан ўтмаслиги, бирор соатингиз Аллоҳни зикр қилмасдан ўтмаслиги, гарчи бир марта бўлса-да, зикр қилишингиз ризқдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш шарафига ноил бўлишингиз ҳам ризқдир ва яна қалб хушуси, кўнгил юмшоқлиги ва мискинларга бўлган муҳаббат ҳам ризқдандир.
Кимнинг куни юқоридагилардан бирор насибасиз ўтса, у ер юзидаги барча хазиналарга эга бўлса ҳам, аслида фақирдир!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан шундай гаплашар эдиларки, улар ўзларини худди катталардек ҳис этишарди. Аммо айрим одамлар болалар билан кулгили товушлар чиқариб ўйнашади. Баъзан кўчадаги болалар билан ҳам уларнинг жиғига тегиб, ўзлари қочиб кетмагунча ҳазиллашадилар.
Ҳатто 10 ёшар болани юзларини чимчилаб худди гўдакка ўхшаб кулишини кутамиз. Бундай эркалашларда бола ўзини катталардек ҳис қилмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн Аббос билан суҳбатлашганда, унга нималарни айтганларини биласизми? У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Эй болакай! Мен сенга калималарни ўргатаман. Аллоҳни(нг буйруғу қайтариқларини) муҳофаза қилгин, шунда У Зот сени муҳофаза қилади. Аллоҳни муҳофаза қилсанг, У Зотни рўпарангда топасан.
Сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра. Кўмак истамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан иста. Билки, агар бутун уммат (маҳлуқотлар) сенга бирор манфаат бериш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини бера олмайди. Агар уларнинг ҳаммаси сенга бирор зарар етказиш учун жамланса ҳам, Аллоҳ сенга ёзган нарсадан бошқасини етказа олмайди”.
Ушбу муборак ҳадис Ибн Аббос розияллоҳу анҳу орқали бизгача етиб келди. Бу гўзал сўзларни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тинглаганларида бор йўғи 9 ёшда эдилар.
Даврон НУРМУҲАММАД