Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг дини сизсиз ҳам, бизсиз ҳам ривожланаверади. Аммо унутманг, Аллоҳ Ўз дини ривожи учун сизни танлабдими, бу сиз учун чексиз саодатдир...
Қиёмат куни махсус инсонлар сафида бўлиш, яъни Унинг динига ривож берган буюклар карвонида бўлиш буюк бир бахтдир!
Зарра қадар бўлсада хизматингиз билан бу карвонга қўшилинг!
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати