Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳнинг дини сизсиз ҳам, бизсиз ҳам ривожланаверади. Аммо унутманг, Аллоҳ Ўз дини ривожи учун сизни танлабдими, бу сиз учун чексиз саодатдир...
Қиёмат куни махсус инсонлар сафида бўлиш, яъни Унинг динига ривож берган буюклар карвонида бўлиш буюк бир бахтдир!
Зарра қадар бўлсада хизматингиз билан бу карвонга қўшилинг!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен яқинда бир видео кўрдим. Унда хўроз боқиш, айниқса, оқ хўроз боқиш суннат экани, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам уйларида хўроз боққанлари айтилган экан. Шундай мазмунда ҳадис борми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Ҳадис соҳасида етук алломалар хўроз ҳақида келган иккита ҳадис саҳиҳ, аммо бошқалари, хусусан, оқ хўроз ҳақидаги ҳадисларни тўқима ёки ўта заифдир деганлар. Икки ҳадиснинг бирини имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Хўрозни сўкманглар, чунки у намозга уйғотади”, деганлар.
Иккинчисини Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан имом Бухорий ва Муслим раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Хўрознинг қичқиришини эшитсангиз, Аллоҳдан фазл-марҳамат сўранг, чунки у фариштани кўрган”, дедилар. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази