Самарқанд вилоятида жойлашган Имом Бухорий мажмуаси нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом оламида улуғ зиёратгоҳ ҳисобланади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Имом Бухорий мажмуасининг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, бу маскан ислом маърифатини ёйиш, ёш авлодни миллий ва диний қадриятлар руҳида тарбиялашда муҳим роль ўйнаши ҳақида баён қилган.
Яқинда мажмуада илк ҳайит намози адо этилди. Бу воқеа мусулмонлар учун катта аҳамиятга эга бўлди. Намозга минглаб намозхонлар ташриф буюришди.
Ушбу кўрсатувда Имом Бухорий мажмуасининг аҳамияти ва уламоларимиз томонидан эътироф этилиши ёритилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати