Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Андижон вилояти Асака тумани "Хазрати Умар" жоме масжиди имом хатиби Муҳаммадсобир домла Иминовнинг волидаи меҳрибонлари вафоти муносабати билан у кишининг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин, иймонлари ва солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айласин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло марҳума онахоннинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, Уламолар кенгаши аъзолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан марҳума онахоннинг яқинларига хусусан, Муҳаммадсобир домла Иминовга ҳамдардлик билдиради.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Украинанинг “Kyiv Diplomatic” журнали веб-сайтида қадимий Бухоро шаҳрининг замонавий маданий ва сайёҳлик ривожланишига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Журнал ёзишича, АҚШнинг "The New York Times" нуфузли газетаси Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларидан бири - Бухорога бағишланган мақола чоп этган. Газетада Бухоро минг йилдан зиёд вақт давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаган Буюк ипак йўлининг энг муҳим марказларидан бири бўлгани таъкидланган.
Жумладан, Арк қалъаси, мақбаралар, мадрасалар ва мовий гумбазли масжидлардан иборат бой меъморий меросга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг кўпчилиги ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилгани қайд этилган.
Журналда таъкидланишича, бугунги кунда Бухоро халқаро маданий марказ сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамламоқда. Ўтган йили ушбу шаҳарда ўтказилган замонавий санъат биенналеси, инфратузилманинг ривожланиши, янги меҳмонхона ва ресторанларнинг очилиши хорижий сайёҳлар оқимининг ортишига хизмат қилмоқда.
“Kyiv Diplomatic” нашри минтақанинг бой гастрономияси, хусусан, машҳур Бухоро оши (ош софи) ва азалий анъаналарни ўзида мужассам этган ҳунармандчилик маҳсулотлари — сўзана, сопол буюмлар ва қўл меҳнати билан тайёрланган қайчиларни алоҳида эътироф этган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати