Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Одамларнинг энг яхшиси

27.03.2026   13605   7 min.
Одамларнинг энг яхшиси

Мусулмон киши нима учун яратилдию, нима қилиши лозимлигини яхши билади. Бу борада у кўнглига келганини эмас, балки Роббисининг каломи билан яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хитоб қилади: "Мeн жин вa инсни фaқaт ўзимгa ибoдaт қилишлaри учунгинa ярaтдим" (Зориёт, 56).

У сизлaрни ердaн пaйдo қилиб, сизлaрни уни oбoд этувчи этди(Ҳуд, 62).

Мусулмон инсон Аллоҳга ибодат қилиш, инсонларга яхшилик қилишлик уни икки дунё саодатига олиб келишини яхши англайди. Унга омонат қилиб берилган ягона фурсати бўлмиш дунё ҳаётида, ҳам дунёсини, ҳам охиратини обод қилади.

Эй иймон келтирганлар! Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар – шоядки, нажот топсангиз!” (Ҳаж-77)

Мусулмон киши ушбу ояти карима мазмунидан келиб чиқиб намоз ўқиб, Роббисига ибодат қилиб, ўзгаларга яхшилик қилишга астойдил ҳаракат қилади. Чунки, у яхшилик йўлида қўйилган ҳар-бир қадам учун Аллоҳдан улуғ ажрлар бўлишига қатъий ишонади.

Биз яшаб турган дунё имтиҳон дунёсидир. Ўзидан кейин яхши ном қолдиришни истаган ҳар қандай киши бу дунёни эзгу амаллар, гўзал хулқлар билан ўтказиши лозим. Барча инсонларга бирдек яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш, меҳр-оқибатли бўлиш катта инсоний фазилат ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларни мағфират ва хайрли ишларга шошилишга буюриб, бундай марҳамат қилади:

وَسَارِعُوا إِلَىٰ مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ

“Роббингиздан (келувчи) мағфират ва кенглиги осмонлар-у ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари шошилингиз!” (Оли Имрон, 133-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда, энг яхши инсонлар ўзгаларга манфаат ва яхшилиги етувчи инсонлар экани зикр этилган:

خَيْرُ النَّاسِ أَنْفَعُهُمْ لِلنَّاسِ

“Инсонларнинг яхшиси бошқа инсонларга манфаати кўпроғидир”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадисда қуйидагича келтирилади: “Бир киши Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан: “Исломдаги энг яхши (амал) қайси?” деб сўради. У зот: “Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимаган кишига салом бермоғинг”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

Бу дунё ҳаётида киши ўз яқинларига, хаттоки таниган ва танимаган кишиларига имкон қадар яхшилик қилиши, заифларга ёрдам бериши ҳамда мухтожларга кўмаклашиши лозим ҳисобланади. Бу орқали инсон нафақат бу дунёда азиз, балки, охиратда ҳам шарафга эга бўлади.

Аллоҳ таоло ўз каломида яхшиликнинг мукофоти фақат яхшилик бўлишини баён қилиб бундай дейди:

هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ

“Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир” (Ар-Раҳмон, 60-оят).

 

Руҳий ҳаётнинг энг афзал томонларидан бири яхшилик йўлидаги ўзаро ёрдамдир. Бу нарса ижтимоий ҳаётни юқори даражага кўтариш, жамият аъзоларининг фаровонлигини ошириш ва уларнинг қайғу-аламларини енгиллатишдан иборатдир. Ҳозирги замон маданиятида ўзаро ёрдам деган тушунчага катта аҳамият берилади. Шунинг учун ҳам барча жойларда ўзаро ёрдам ва ҳамкорлик ташкилотлари тузилган. Мана шунинг ўзи ҳам ҳар бир шахс ва ҳар бир жамиятнинг бахтиёр бўлиши учун ўзаро ёрдам зарурлигини кўрсатади.


Қуръон ўзаро ёрдамга катта аҳамият берган. Буни қуйидаги оятдан фаҳмлаб олсак ҳам бўлади:

 وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ

“Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ азоби қаттиқ зотдир” (Моида сураси 2-оят).

Қуръони Карим яхшилик ва тақводорлик йўлида ҳамкорлик қилишга буюрмоқда. "Яхшилик" деганда бу дунёдаги барча яхшиликларни: ростгўйлик, омонат, тоат-ибодат, сахийлик, шижоат ва ҳоказоларни тушунамиз.

"Яхшилик" сўзи дунёдаги барча фазилатли нарсаларни ўз ичига олади. Тақво эса Аллоҳдан қўрқиш ва Унга итоат қилиб иш олиб боришни англатади.

Яхшилик ва тақводорлик йўлидаги ҳамкорлик эса бу дунёдами ёки охиратдами, саодатга эриштирувчи яхши нарсалар йўлидаги ҳамкорликдир.

Қуръони каримда яхши ва эзгу амалларни қилиш ибодатдан кейинги ўринда келтирилди. Демак, яхши ишларда бардавом бўлиш ибодат қилиш билан тенг амал ҳисобланади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

خَيْرُكُمْ خَيْرُكُمْ لِأَهْلِهِ

Сизларнинг яхшиларингиз – аҳли-оиласига яхшилик қилувчиларингиздир”, дедилар. (Имом Термизий ривояти).


Инсон яхшиликни энг аввал ўз яқинларидан бошлаши лозим. Бу ҳам инсонда яхшилик фазилати мавжуд эканини кўрсатади.

Биз сўзлашаётган мавзуда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис ҳам эътиборга моликдир:

خَيْرُكُمْ مَنْ يُرْجَى خَيْرُهُ وَيُؤمَنُ شَرُّهُ

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Сизларнинг яхшиларингиз – яхшилигидан умид қилинувчи ва ёмонлигидан омонда бўлинувчингиздир” – деб марҳамат қилдилар (Имом Термизий ва Имом Ибн Ҳиббон ривояти).

Ушбу ҳадисда барчамиз учун буюк бир кўрсатма бор. Мусулмон киши уни билган инсонлар ундан яхшилик кўрувчи ҳамда ундан хавф ва қурқув кутмаслиги лозим. Бунинг учун албатта, унда инсонларга нисбатан хайрихоҳлик ва одамгарчилик топилиши керак. Шунда у одамлар ичида яхшиси бўлади.

Инсон ўз умрининг боғини ўзи яратади. Бу боғдаги мусаффо осмон, порлаб нур сочаётган қуёш, ёқимли булбуллар хониши, қушлар парвози, мехрибон ота-оналаримизнинг борлиги, фарзандарларимизнинг беғубор кулгуси, оиламизнинг аҳиллиги, ўзаро меҳр-муҳаббат иқлими, дастархонларимиз тўкинлиги, тинчлик-хотиржамликдаги фаровон ва осуда ҳаёт барчамизга ҳузур-ҳаловат бағишлайди алҳамдулиллаҳ. Азизлар, умримизни мана шундай ажиб боғда эзгулик, хайр-у саховат, яхшилик амалларига тўлдириб яшайлик! Барчамизни Аллоҳ ўз паноҳида сақласин! Омонат дунёда омон бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчаларимизни одамлар ҳавас қиладиган, яхшилиги умид қилинадиган ва ёмонлигидан омонликда бўлинадиган кишилардан айласин!

Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
Хўжаобод туман “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

15.09.2026   22922   2 min.
Тарихни бузиб кўрсатмаслик учун

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.

- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.

Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.

Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.

Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.

Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари