وَكَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَلِّمُ بَعْضَ بَنَاتِهِ فَيَقُولُ: قُولِي حِينَ تُصْبِحِينَ: سُبْحَانَ اللهِ وَبِحَمْدِهِ، لَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ، مَا شَاءَ اللهُ كَانَ وَمَا لَمْ يَشَأْ لَمْ يَكُنْ، أَعْلَمُ أَنَّ اللهَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، وَأَنَّ اللهَ قَدْ أَحَاطَ بِكُلِّ شَيْءٍ عِلْمًا، فَإِنَّهُ مَنْ قَالَهُنَّ حِينَ يُصْبِحُ حُفِظَ حَتَّى يُمْسِيَ، وَمَنْ قَالَهُنَّ حِينَ يُمْسِي حُفِظَ حَتَّى يُصْبِحَ.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи қизларига «Тонг оттирганингда "Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи, лаа қуввата иллаа биллаҳи, маа шаа Аллоҳу кана ва маа лам яшаъ лам якун. Аъламу анналлоҳа ъалаа кулли шайъин қодийр. Ва анналлоҳа қод аҳота бикулли шайъин илман»ни айтгин", деб ўргатар эдилар ва: "Ким шуларни субҳ кирганда айтса, то кеч киргунча ҳимоя қилинади. Ким шуларни кеч кирганда айтса, то субҳ киргунча ҳимоя қилинади", дер эдилар».
Дуонинг маъноси: «Аллоҳ покдир. Ҳамд Унгадир. Қувват фақатгина Аллоҳдадир. Аллоҳ хоҳлаган нарса бўладир. У хоҳламаган нарса бўлмайдир. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Ва албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани илми ила иҳота қилгандир».
Тонг чоғи ва кеч кирганда ўқиладиган дуолар сирасига бу ривоятда келган дуо ҳам қўшиб қўйилса, яхши бўлади.
"Ҳадис ва ҳаёт" китобининг 35-жузи
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1400 йил умматни ушлаб турган йўлни ташлаб, қаерга бормоқчисиз?
Бугун мусулмон жамиятида тез-тез учрайдиган бир даъво бор:
“Биз Қуръон ва суннат билан юрамиз, мазҳаб шарт эмас”.
Бу гап ташқаридан чиройли, жозибали эшитилади. Аммо чуқурроқ ўйлаб кўрайлик:
Ҳақиқатан ҳам мазҳабсиз юриш мумкинми?
Агар мумкин бўлса, у қаерга олиб боради?
Келинг энг содда савол-жавоб услубида кўриб чиқамиз.
1. Мазҳаб ўзи нима?
Мазҳаб – бу Қуръон ва суннатни тушуниш мактаби.
Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофиъий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал каби буюк мужтаҳидлар:
минглаб оят ва ҳадисларни,
саҳобалар фатволарини,
араб тили қоидаларини,
насҳ-мансуҳ, умумий-хусусий масалаларни тизимли, илмий усулда жамлаб, умматга йўл кўрсатиб беришган.
Мазҳаб – Қуръон ва суннатнинг ўзи эмас, балки уларни тўғри тушуниш калити.
2. “Мазҳаб шарт эмас” деган одам аслида нимани даъво қилмоқда?
У дейди:
“Мен ўзим ҳадисни очиб ўқийман, ўзим ҳукм чиқараман”.
Савол:
— Араб тилини мукаммал биладими?
— Ҳадисларнинг саҳиҳ-заифини ажрата оладими?
— Қайси ҳадис қайси ҳолатга тегишли эканини биладими?
— Қайси оят қайси оят билан чегараланганини биладими?
Агар йўқ бўлса – у илмга эмас, нафсига эргашмоқда. Агар фаразан шу илмларга соҳиб бўлса борми, шубҳасиз мазҳабга эргашиш лозимлигини эътироф қилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).
Зикр аҳли – олимлар, мужтаҳидлар. Мазҳаб ана шу “зикр аҳли”нинг илмий меросидир.
3. Саҳобалар ҳақида нима дейсиз? Саҳобалар:
Ибн Масъуд фиқҳи,
Ибн Умар фиқҳи,
Зайд ибн Собит фиқҳи билан танилган.
Тобеъинлар саҳобаларга тақлид қилган.
Тўрт имом эса ана шу саҳобалар фиқҳини тартибга солди.
Демак, мазҳаб кейин чиқиб қолган бидъат эмас, балки саҳобалар йўлининг давомидир.
4. Мазҳабсизлик нимага олиб келади?
Бугун мазҳабсизликни даъво қилувчилар орасида:
бири ниятни шарт эмас дейди,
бири жамоат намозини енгил санайди,
бири бошқасини адашган, ҳатто кофир дейди.
Бу ниманинг натижаси?
Бир мезон йўқлигининг натижаси.
Мазҳаб бўлмаганда: ҳар ким ўзича “Қуръон ва суннат”ни тушунади, дин парча-парча бўлади, ихтилоф фитнага айланади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Ўтган умматлар ихтилоф сабабли ҳалок бўлди” (Имом Аҳмад ривояти)
Мазҳаб – ихтилофни тартибга солувчи ҳимоя девори.
5. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ нима учун Имоми Аъзам деб эътироф этилади?
У зот:
40 йил бомдод намозини хуфтон таҳорати билан ўқиган,
500 мингдан ортиқ ҳадисни билган,
Шундай зотнинг илмий тизимини менсимаслик – кибр эмасми? Ҳа, кибр бўлса, кибр эгасида соғлом илм бўлмайди.
6. Мазҳаб – мажбурий эмасми?
Ҳа, мазҳаб – зарурат.
Худди:
тиббиётда шифокорга эргашгандек,
қурилишда муҳандисга ишонгандек.
Аммо огоҳ бўлинг: Дин – тажриба қилинадиган соҳа эмас.
7. Хулоса: Мазҳабсиз қайга бормоқчисан?
Мазҳабдан воз кечган одам:
ўзини имомлардан устун қўяди,
билмаган ҳолда фатво беради,
охир-оқибат динни ўз нафсига мослаб олади.
Мазҳабга эргашиш – кўр-кўрона тақлид эмас,
балки илмга, тажрибага ва уммат йўлига ҳурматдир.
Савол очиқ қолади:
1400 йил умматни ушлаб турган йўлни ташлаб, бемазҳаб қаерга бормоқчи?!
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби