Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Август, 2026   |   28 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:58
Қуёш
05:28
Пешин
12:30
Аср
17:24
Шом
19:32
Хуфтон
21:00
Bismillah
11 Август, 2026, 28 Сафар, 1448

Эски кийимларни садақа қилиш

30.03.2026   13097   2 min.
Эски кийимларни садақа қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Эркагу аёлларнинг ва болаларнинг кийилган, лекин йиртилиб кетмаган, ҳали кийишга яроқли кийимларини садақа қилиш мустаҳаб амалдир. Бу иш ёмон кўрган нарсасини садақа қилиб юборишга кирмайди. Эскирган нарса ўртача мол ҳисобланади, чунки камбағаллар бундан ҳам эскироқ кийимларни сотиб олишади. Қанчадан-қанча бойлар писанд қилмайдиган кийимлар борки, уларга эришиш камбағаллар учун орзудир. Бундай кийим-кечакларни ахлатга ташлаш ёки ёқиб юбориш мумкин эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим олган одамларни эскисини садақа қилиб юборишга тарғиб қилганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу янги кийим кийиб, «Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди. Кейин шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким янги кийим кийганда: "Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, кейин эскирган кийимини садақа қилса, ҳаёту мамотида Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлади», деганларини эшитдим» (Термизий ва бошқалар Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Натааижул афкаар» деган китобида ҳасан деган).

2. Ёмон кийимни садақа қилиш макруҳдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олмайсиз», деган. (Бақара сураси, 267-оят). Макруҳ бўлиши билан бирга бундай кийимни садақа қилган одамга садақасига яраша ажр ёзилади, ваҳоланки унга молнинг яхшисини танлаб садақа қилиш афзалдир.

Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ: «Сифатсиз нарсани садақа қилиш макруҳдир. Лекин шундан бошқа нарса топа олмаса, макруҳ бўлмайди»  («Муғнил муҳтааж», 4/197).

3. Афзали ўша кийимларни ювиб, дазмоллаб, сўнг камбағалнинг ўзига ёки бирорта хайрия жамғармасига бериш ёки масжид имомидан муҳтож одамларни сўраб олиб, ўшаларга беришдир.

4. Шунингдек, эски оёқ кийим, идиш-товоқ ва уй жиҳозларини садақа қилиш ҳам мустаҳабдир.

Аллоҳ сизу бизнинг солиҳ амалларимизни қабул айласин.

Доктор Муҳаммад Содиқ Дарвиш

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

07.08.2026   30827   1 min.
Саховатпеша юртдошларимиз масжидлар коммунал тўловларини қўллаб-қувватламоқда

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар билан ишлаш бўлимининг маълумотига кўра, 2026 йилнинг июнь–июль ойлари давомида юртдошларимиз томонидан DOMO мобил иловаси орқали масжидларнинг коммунал харажатларини қоплашга қаратилган хайрли ташаббус фаол қўллаб-қувватланди.


Ушбу давр мобайнида 650 та масжид учун жами 254,7 миллион сўм хайрия маблағлари йиғилиб, пўлатдай шаффофлик билан тўловларга йўналтирилди.


Сарфланган маблағлар тақсимоти:

  • 225,9 млн сўм (88,7%) — электр энергияси тўловларига;

  • 28,8 млн сўм (11,3%) — табиий газ харажатларини қоплашга.


Энг кўп хайрия қилинган ҳудудлар:

  • Тошкент шаҳри — 103,6 млн сўм;

  • Тошкент вилояти — 29,3 млн сўм;

  • Қорақалпоғистон Республикаси — 27,4 млн сўм;

  • Фарғона вилояти — 24,9 млн сўм. 
     

Бу каби хайрли эҳсонлар масжидларимизнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш ва намозхонлар учун муносиб шароит яратишга хизмат қилмоқда.


Барча саховатпеша ҳамюртларимизга самимий миннатдорлик билдириб, қилинаётган эзгу амалларга Ҳақ таолодан барака тилайди.
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари