Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
23 Август, 2026   |   10 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:15
Қуёш
05:40
Пешин
12:26
Аср
17:12
Шом
19:15
Хуфтон
20:36
Bismillah
23 Август, 2026, 10 Рабиъул аввал, 1448

Эски кийимларни садақа қилиш

30.03.2026   13512   2 min.
Эски кийимларни садақа қилиш

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

1. Эркагу аёлларнинг ва болаларнинг кийилган, лекин йиртилиб кетмаган, ҳали кийишга яроқли кийимларини садақа қилиш мустаҳаб амалдир. Бу иш ёмон кўрган нарсасини садақа қилиб юборишга кирмайди. Эскирган нарса ўртача мол ҳисобланади, чунки камбағаллар бундан ҳам эскироқ кийимларни сотиб олишади. Қанчадан-қанча бойлар писанд қилмайдиган кийимлар борки, уларга эришиш камбағаллар учун орзудир. Бундай кийим-кечакларни ахлатга ташлаш ёки ёқиб юбориш мумкин эмас.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим олган одамларни эскисини садақа қилиб юборишга тарғиб қилганлар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу янги кийим кийиб, «Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», деди. Кейин шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ким янги кийим кийганда: "Авратимни беркитадиган, ясанадиган нарсани кийдирган Аллоҳга ҳамд бўлсин" деса, кейин эскирган кийимини садақа қилса, ҳаёту мамотида Аллоҳнинг ҳимоясида, Аллоҳнинг муҳофазасида ва Аллоҳнинг сатрида бўлади», деганларини эшитдим» (Термизий ва бошқалар Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган. Ҳофиз Ибн Ҳажар «Натааижул афкаар» деган китобида ҳасан деган).

2. Ёмон кийимни садақа қилиш макруҳдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олмайсиз», деган. (Бақара сураси, 267-оят). Макруҳ бўлиши билан бирга бундай кийимни садақа қилган одамга садақасига яраша ажр ёзилади, ваҳоланки унга молнинг яхшисини танлаб садақа қилиш афзалдир.

Хатиб Ширбиний роҳимаҳуллоҳ: «Сифатсиз нарсани садақа қилиш макруҳдир. Лекин шундан бошқа нарса топа олмаса, макруҳ бўлмайди»  («Муғнил муҳтааж», 4/197).

3. Афзали ўша кийимларни ювиб, дазмоллаб, сўнг камбағалнинг ўзига ёки бирорта хайрия жамғармасига бериш ёки масжид имомидан муҳтож одамларни сўраб олиб, ўшаларга беришдир.

4. Шунингдек, эски оёқ кийим, идиш-товоқ ва уй жиҳозларини садақа қилиш ҳам мустаҳабдир.

Аллоҳ сизу бизнинг солиҳ амалларимизни қабул айласин.

Доктор Муҳаммад Содиқ Дарвиш

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Андижонда имомлар ўртасида “Заковат” турнири бўлиб ўтди

07.08.2026   30826   1 min.
Андижонда имомлар ўртасида “Заковат” турнири бўлиб ўтди

Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Андижон вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
 

Тадбирни Андижон вилояти бош имом-хатиби Мирзамақсуд домла Алимов очиб бериб, мазкур беллашув диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасидаги жамоавий ҳамжиҳатликни оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.


Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан жамланган жамоалар қизғин ва муросасиз баҳслар олиб борди. Иштирокчилар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, шунингдек, мамлакатимиз қонунчилиги ва миллий қадриятларга оид саволлар орқали ўзларининг интеллектуал салоҳияти ҳамда тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.


Ҳакамлар ҳайъатининг хулосаларига кўра, энг билимдон жамоалар ғолибликни қўлга киритди: 
 

  • 1-ўрин — Жалақудуқ тумани;

  • 2-ўрин — Қўрғонтепа тумани;

  • 3-ўрин — Хўжаобод тумани.


Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Андижон вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Илм-маърифат йўлида беллашган барча иштирокчиларни муборакбод этиб, уларнинг келгуси хайрли фаолиятларида Аллоҳ таолодан барака ва зафарлар тилаймиз!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Андижон вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Андижонда имомлар ўртасида “Заковат” турнири бўлиб ўтди Андижонда имомлар ўртасида “Заковат” турнири бўлиб ўтди Андижонда имомлар ўртасида “Заковат” турнири бўлиб ўтди Андижонда имомлар ўртасида “Заковат” турнири бўлиб ўтди
Ўзбекистон янгиликлари