Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани "Тўғоной ота" жоме масжиди имом-хатиби Оғабек домла Шомуродовнинг падари бузрукворлари Илҳомбой отанинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳумни Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Аллоҳ таоло марҳумнинг барча солиҳ амалларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, барча саҳву хатоларини кечириб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Ҳақ таоло марҳумнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Muslim.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мадинаи мунавварага борган зиёратчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари қаршисида туриб, У зотга салом ва салавот айтади. Шу салом ва салавотни паст овозда ёки қалб орқали йўллаш кифоя қиладими ёки қабрга етиб борадиган даражада баланд овозда айтиш керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак зотлари ва у зотга боғлиқ бўлган ҳар бир ҳолатда одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун лозимдир. Айниқса, Аллоҳ таоло Мадинаи мунавварага бориш ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилишга муяссар этган бахтли инсон Сарвари оламга салом айтишни юксак одоб сақлаган ҳолатда амалга ошириши талаб этилади. Шунинг учун салом ва салавот йўллаш ҳамда дуо қилиш вақтида овозни ҳаддан ташқари баланд кўтармаслик гўзал исломий одобдир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ул зот алайҳиссаломга нисбатан қандай овозда мурожаат қилишни ўргатиб, бундай марҳамат қилган:
Ана шулардан келиб чиқиб, уламоларимиз қабри шариф қаршисида туриб салом йўллаш борасида қуйидаги тавсияларни берадилар:
“Қабр деворининг пастки қисмига нигоҳини қаратган ҳолда, ҳайбат ва эҳтиром мақомида кўзларини қуйи солиб, қалбини дунё алоқаларидан фориғ қилиб туради. Қалбида ўзи турган мақомнинг улуғлигини ва ҳузурида турган зотнинг юксак мақомини ҳис қилади. Сўнгра овозини баландлатмасдан, мўътадил ҳолатда салом бериб, бундай дейди: “Ассаламу алайка я Расулаллоҳ, Ассаламу алайка я Набияллоҳ”.
Демак, зиёратчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифлари олдига борганда баланд овозда салом айтиши одобга зиддир. Одобнинг талаби шуки, паст овозда салавот ва салом йўллаб, ожизлик ва тавозелик билан шафоат сўраб дуо қилади. Агар салом бергандан сўнг ўша ерда тўхтаб дуо қилиш бошқаларга озор беришга, тирбандликка сабаб бўлса, у ҳолда одоб билан салом бериб, олдинга қараб юриб, ундан кейин қиблага юзланган ҳолда дуо қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.