Экология ҳақида гапирганда, атроф-муҳитни Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган омонат эканини тушунишимиз керак.
Инсон табиатнинг эгаси эмас, балки унинг ҳимоячисидир. Қуръони каримда ер юзидаги мувозанатни бузмаслик ҳақида шундай дейилади:
«Ерни (Аллоҳ хайрли ишларга) яроқли қилиб қўйганидан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!» (Аъроф сураси, 56-оят).
Табиатни чиқиндилар билан ифлослантириш, сувни беҳуда исроф қилиш ва дарахтларни сабабсиз кесиш бузғунчиликнинг бир кўринишидир.
Экологик маданиятнинг энг гўзал намунаси Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ушбу ҳадисларида намоён бўлади:
«Агар қиёмат қойим бўлиб қолса-ю, биронтангизнинг қўлида кўчат бўлса, уни экишга улгурса, экиб қўйсин» (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳадис бизга ҳар қандай вазиятда ҳам табиатга ҳаёт бағишлаш, кўкаламзорлаштириш нақадар савобли иш эканини ўргатади.
Сув – ҳаёт манбаи. Ҳатто дарё бўйида таҳорат олганда ҳам сувни исроф қилмасликка буюрилганмиз. Бугунги ёшлар сув ва энергия ресурсларини тежаш орқали нафақат табиатни асрайдилар, балки динимизнинг муҳим талаби бўлган исроф қилмаслик тамойилига амал қиладилар.
Экологик маданият иймоннинг бир бўлагидир. Тозалик ва тартиб бор жойда барака бўлади. Шундай экан омонатни муносиб сақлайлик!
Тошкент ислом институти
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси