Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
01 Апрел, 2026   |   12 Шаввол, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:47
Қуёш
06:07
Пешин
12:32
Аср
16:56
Шом
18:52
Хуфтон
20:06
Bismillah
01 Апрел, 2026, 12 Шаввол, 1447
Янгиликлар

ҲОЗИРЖАВОБЛИК қандай яхши кўмакчи!

01.04.2026   1688   4 min.
ҲОЗИРЖАВОБЛИК қандай яхши кўмакчи!

Нафс одоби дарс одобидан хайрлироқдир. 
 

Изоҳ. Иброҳим Нахаъий дейди: “Ўтган азизлар бир кишидан илм олиш учун борар экан, уч нарсага эътибор қаратардилар: олимнинг салобатига, намозига ва ҳолатига, кейин ундан илм олардилар. Уларнинг энг аввал назар соладиган жиҳати олим ёки муҳаддиснинг одоби бўларди.


Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг илм мажлисларида беш мингдан ортиқ киши жамланарди. Шулардан беш юзтаси ҳадисларни ёзиб олар, қолганлар ҳусни одоб ва самт – салобат ва виқор ҳосил қилиш илмини ўрганардилар”.


Ибн Муборак айтади: “биз кўп илмдан кўра камроқ одобга муҳтожмиз”. Яъни, одоб илмдан муҳимроқдир. Илми кўп бўлгани билан билганига амал қилмаса, бундай илмдан фойда йўқ. Амал илмнинг гули бўлса, меваси одобдир. Шунинг учун, гарчи камроқ бўлса ҳам, натижаси амал билан тугаган илм амалсиз кўп илмдан яхшироқ. Илми кўп­у одоби йўқ олимдан одамлар қочади. Негаки, унинг одобсизлиги толиби илмлар ва унинг ўртасига тўсиқ бўлади.


Ҳозиржавоблик қандай яхши кўмакчи.


Изоҳ. Жавобнинг ўз ўрнида, зудлик билан, энг мувофиқ тарзда юзага чиқиши ҳозиржавобликдир. Бу хусусият аксар туғма бўлади.


Аббосий халифалардан Ҳорун ар­-Рашиднинг ўғли Ал-­Мўътасим биллаҳ ҳали юзидан гўдаклик шираси аримаган бола Фатҳ ибн Ҳоқоннинг қўлидаги қимматбаҳо тошни кўриб, унга: “Эй Фатҳ, қўлингдаги тош меникидан чиройлироқ экан-­а?” – деди. “Ҳа, эй мўминлар амири, бу чиройли тошни ушлаган қўл ҳам нариги тошни ушлаб турган қўлдан яхшироқ-­да!” – дея жавоб берди Фатҳ. Ёш боланинг ҳозиржавоблиги мўминлар амирини ҳайратга солди ва дарҳол унга совға ва либос келтиришларини амр қилди.


Лекин тажриба билан ҳам ҳозиржавоблик малакасини ҳосил қилиш мумкин. Айниқса, битта соҳани ипидан­игнасигача тўла эгаллаган инсонларда бу ҳолат кўпроқ кузатилади. Аллоҳ ато этган ақл, фаҳм­фаросат, жидду жаҳдни ўзи қизиққан соҳа, касб­ҳунарга чексиз садоқат билан йўналтиришда чарчамаган кишига айни неъмат туҳфа этилади.
 

Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммад холасининг ўғли Кисоийга, яъни наҳв илмининг машҳур олимига:

– Шундай хотиранг бўлатуриб, нега фиқҳ илми билан шуғулланмайсан? – деди.

– Киши бир илмни пухта билса, ўша билими уни бошқа илмларда ҳам тўғри йўлга бошлайди, – деди Кисоий. Шунда Муҳаммад айтди:

– Ундай бўлса, сенга фиқҳ илмидан бир масала айтаман, жавобини наҳв илмидан чиқариб бер­-чи.

– Айтинг, – деди Кисоий.

– Саждаи саҳв қилган ё қилмаганини унутган кишига саждаи саҳв вожиб бўладими? – сўради Муҳаммад.

Кисоий озгина ўйлаганидан сўнг: – Унга саждаи саҳв вожиб эмас, – деди.

– Тўғри айтдинг, бу жавобни наҳв илмининг қайси қоидасидан чиқардинг? – қизиқиб сўради Имом Муҳаммад, шунда Кисоий:

– “Кичрайтирилган исм қайта кичрайтирилмайди” (масалан, “қуёнча” сўзини яна кичрайтириш учун “қуёнчача” дейилмагани каби) деган қоидадан, – деди.

Хоҳ туғма бўлсин, хоҳ касб этиб ҳосил қилинган бўлсин, ҳозиржавоблик аксар ҳолатда инсонга энг яхши кўмакчидир!

Одобсиз ақл шармандалик, ақлсиз одоб ҳалокатдир.


Изоҳ. Одоб ва ақл бир­бирини тақозо этувчи кучлардир. Шунинг учун айтилган: “Ақлсизда одоб, одобсизда ақл йўқ”.

Алий розияллоҳу анҳу дейди: “Ҳар бир нарса ақлга муҳтож, ақл эса одобга муҳтож, ақл ва одобдан бошқа ҳар қандай қадр-­қийматнинг чегараси бор”.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Одоб талабида бўл, чунки одоб ақлга зиёдалик, мурувватга далил, ёлғизликда улфат, ғарибликда ҳамроҳ, фақирликда мол-давлатдир”.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан манфаати энг кўп одоб ҳақида сўралди. Шунда у деди: “Динда фақиҳлик, дунёда зоҳидлик ва зиммангдаги ҳақларни Аллоҳ учун таниш”.


Рашид ЗОҲИД таржимаси, 

“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 2-сонидан

http://hidoyatuz.taplink.ws

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса...

01.04.2026   655   1 min.
Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса...

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Савол: Воқеа сурасини 40 кун ўқиш ҳақида сўрамоқчи эдим. Унда ҳар куни ўша куннинг сони бўйича ўқилади дейилган, яъни биринчи кун битта, иккинчи кун иккита, шу тарзда ўқиб борилиб, қирқинчи кун 40 та, жами 818 марта ўқилар экан. Шундай қилинса, ҳожатлар раво бўлар экан. Шу ҳақида маълумот берсангиз.


Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Динимизда бундай шаклда кўрсатма келмаган. Яъни, Воқеа сурасини 40 кун давомида муайян ададда ўқилсин ёки шундай қилинса, ҳожатлари раво бўлади каби гаплар ишончли диний манбаларда зикр қилинмаган. Албатта, шом намозидан кейин воқеа сурасини ўқиган одам камбағаллик кўрмаслиги ҳақида машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бор. Лекин мазкур ҳадисда бир марта ўқиш ҳақида гап боради.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳар кеча Воқеа сурасини ўқиса, унга зинҳор фақирлик етмайди”, деганлар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қизларига ҳар кеча у(сура)ни ўқишга буюрар эди (Имом Байҳақий “Шўъабул иймон”да ривоят қилган).

Ўқимоқчи бўлган одам мана шу ҳадисга амал қилиб, ҳар кеча мазкур сурани ўқишга одатланса, мақсадга мувофиқ йўл тутган бўлади ҳамда ҳадисдаги фазилатга ноил бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар