Изоҳ. Иброҳим Нахаъий дейди: “Ўтган азизлар бир кишидан илм олиш учун борар экан, уч нарсага эътибор қаратардилар: олимнинг салобатига, намозига ва ҳолатига, кейин ундан илм олардилар. Уларнинг энг аввал назар соладиган жиҳати олим ёки муҳаддиснинг одоби бўларди.
Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳнинг илм мажлисларида беш мингдан ортиқ киши жамланарди. Шулардан беш юзтаси ҳадисларни ёзиб олар, қолганлар ҳусни одоб ва самт – салобат ва виқор ҳосил қилиш илмини ўрганардилар”.
Ибн Муборак айтади: “биз кўп илмдан кўра камроқ одобга муҳтожмиз”. Яъни, одоб илмдан муҳимроқдир. Илми кўп бўлгани билан билганига амал қилмаса, бундай илмдан фойда йўқ. Амал илмнинг гули бўлса, меваси одобдир. Шунинг учун, гарчи камроқ бўлса ҳам, натижаси амал билан тугаган илм амалсиз кўп илмдан яхшироқ. Илми кўпу одоби йўқ олимдан одамлар қочади. Негаки, унинг одобсизлиги толиби илмлар ва унинг ўртасига тўсиқ бўлади.
Ҳозиржавоблик қандай яхши кўмакчи.
Изоҳ. Жавобнинг ўз ўрнида, зудлик билан, энг мувофиқ тарзда юзага чиқиши ҳозиржавобликдир. Бу хусусият аксар туғма бўлади.
Аббосий халифалардан Ҳорун ар-Рашиднинг ўғли Ал-Мўътасим биллаҳ ҳали юзидан гўдаклик шираси аримаган бола Фатҳ ибн Ҳоқоннинг қўлидаги қимматбаҳо тошни кўриб, унга: “Эй Фатҳ, қўлингдаги тош меникидан чиройлироқ экан-а?” – деди. “Ҳа, эй мўминлар амири, бу чиройли тошни ушлаган қўл ҳам нариги тошни ушлаб турган қўлдан яхшироқ-да!” – дея жавоб берди Фатҳ. Ёш боланинг ҳозиржавоблиги мўминлар амирини ҳайратга солди ва дарҳол унга совға ва либос келтиришларини амр қилди.
Лекин тажриба билан ҳам ҳозиржавоблик малакасини ҳосил қилиш мумкин. Айниқса, битта соҳани ипиданигнасигача тўла эгаллаган инсонларда бу ҳолат кўпроқ кузатилади. Аллоҳ ато этган ақл, фаҳмфаросат, жидду жаҳдни ўзи қизиққан соҳа, касбҳунарга чексиз садоқат билан йўналтиришда чарчамаган кишига айни неъмат туҳфа этилади.
Абу Ҳанифанинг шогирди Имом Муҳаммад холасининг ўғли Кисоийга, яъни наҳв илмининг машҳур олимига:
– Шундай хотиранг бўлатуриб, нега фиқҳ илми билан шуғулланмайсан? – деди.
– Киши бир илмни пухта билса, ўша билими уни бошқа илмларда ҳам тўғри йўлга бошлайди, – деди Кисоий. Шунда Муҳаммад айтди:
– Ундай бўлса, сенга фиқҳ илмидан бир масала айтаман, жавобини наҳв илмидан чиқариб бер-чи.
– Айтинг, – деди Кисоий.
– Саждаи саҳв қилган ё қилмаганини унутган кишига саждаи саҳв вожиб бўладими? – сўради Муҳаммад.
Кисоий озгина ўйлаганидан сўнг: – Унга саждаи саҳв вожиб эмас, – деди.
– Тўғри айтдинг, бу жавобни наҳв илмининг қайси қоидасидан чиқардинг? – қизиқиб сўради Имом Муҳаммад, шунда Кисоий:
– “Кичрайтирилган исм қайта кичрайтирилмайди” (масалан, “қуёнча” сўзини яна кичрайтириш учун “қуёнчача” дейилмагани каби) деган қоидадан, – деди.
Хоҳ туғма бўлсин, хоҳ касб этиб ҳосил қилинган бўлсин, ҳозиржавоблик аксар ҳолатда инсонга энг яхши кўмакчидир!
Одобсиз ақл шармандалик, ақлсиз одоб ҳалокатдир.
Изоҳ. Одоб ва ақл бирбирини тақозо этувчи кучлардир. Шунинг учун айтилган: “Ақлсизда одоб, одобсизда ақл йўқ”.
Алий розияллоҳу анҳу дейди: “Ҳар бир нарса ақлга муҳтож, ақл эса одобга муҳтож, ақл ва одобдан бошқа ҳар қандай қадр-қийматнинг чегараси бор”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: “Одоб талабида бўл, чунки одоб ақлга зиёдалик, мурувватга далил, ёлғизликда улфат, ғарибликда ҳамроҳ, фақирликда мол-давлатдир”.
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан манфаати энг кўп одоб ҳақида сўралди. Шунда у деди: “Динда фақиҳлик, дунёда зоҳидлик ва зиммангдаги ҳақларни Аллоҳ учун таниш”.
Рашид ЗОҲИД таржимаси,
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 2-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати