Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Мен фитр рўзамни ҳайит намозидан олдин бера олмаган эдим. Уни шу кунларда берсам ҳам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Рамазон ҳайити куни ҳайит намозини ўқишдан олдин фитр садақасини адо этиб қўйиш мустаҳаб амал саналади. Ундан аввал бериб қўйиш ҳам мумкин. Лекин кимдир ҳайит намозигача ҳам адо эта олмаган бўлса, намоздан кейин ёки бошқа кунларда бериб қўяди. Чунки у адо этилмагунча зиммадан соқит бўлмай тураверади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Хабарингиз бор, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг ташаббуслари билан имом-хатиблар ва имом ноиблари учун тажвид дарслари йўлга қўйилган.
Жорий йилнинг 6 апрель санасидан Бухоро, Хоразм ва Тошкент вилоятларида тажвид дарсларининг навбатдаги амалий машғулотлари бошланди.
"Қуръон ва тажвидни ўргатиш" ва Масжидлар билан ишлаш бўлимлари ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу дарсларда амалий машғулотларни Абдуллоҳ қори Ҳайдаров, Абдусамад қори Мамасолиев ва Абдулбосит қори Эшқобилов олиб бормоқда.
Шунингдек, Республикамизда фаолият олиб бораётган отинойиларнинг Қуръон қироати ва тажвид борасидаги билимларини ошириш мақсадида Тошкент ислом институтида отинойилар учун ҳам тажвид бўйича чуқурлаштирилган амалий машғулотлар бошланди.
Машғулотларда фаол иштирок этган отинойиларга Қуръон қироати бўйича махсус ижоза бериш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати