Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: "Мен онага яхшилик қилишдан кўра Аллоҳ азза ва жаллага яқинлаштирадиган амални билмайман".
#xabar #haj2026 #prezident_hojisi
Айни кунларда юртимизда "Ҳаж – 2026" мавсуми қизғин палласига кирди. Ислом динининг бешинчи арконини адо этиш иштиёқида бўлган минглаб ҳамюртларимизни муборак диёрга кузатиш ишлари тизимли равишда юқори даражада амалга оширилмоқда.
Куни кеча муҳтарам Президентимиз томонидан эл-юрт корига яраётган, фидоий ва жонкуяр 100 нафар ватандошимизни "Президент ҳожиси" сифатида Ҳаж сафарига жўнатиш ҳақидаги хушхабар бутун мамлакатимиз бўйлаб катта қувонч ва шукроналик билан кутиб олинди.
Шу кунларда ана шундай юксак бахт ва эътирофга мушарраф бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган зиёратчилар Тошкентда юқори даражада кутиб олинмоқда. Тадбирларда мутасадди вакиллар иштирок этмоқда. Хусусан, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин домла Эшонқулов ушбу зиёратчиларни илиқ сўзлар, эзгу тилаклар ва эсдалик ҳадялари билан қарши олди.
Маълумот ўрнида, улуғ ҳаж ибодати олдидан Тошкентга келган ушбу зиёратчилар учун пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойлар, муқаддас қадамжолар ва табаррук масканларга зиёратлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати