“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида битирувчи талабаларни ишга тақсимлашга бағишланган учрашув бўлиб ўтди
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш борасидаги давлат сиёсатининг изчил давоми сифатида, 2026 йил 8 апрель куни "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом таълим муассасасида муҳим тадбир ташкил этилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Кадрлар, Таълим ва илмий-тадқиқот ҳамда Масжидлар билан ишлиш бўлимлари масъул ходимлари иштирок этдилар.
Меҳмонлар дастлаб таълим муассасасида талабалар учун яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндин танишиб, сўнг битирувчи курс талабалари билан очиқ мулоқот ўтказдилар. Учрашув давомида юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва соҳа олдида турган истиқболли вазифалар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Мулоқотнинг асосий қисми битирувчиларни ишга тақсимлаш масаласига бағишланди. Масъуллар томонидан бўлажак мутахассисларга келгуси меҳнат фаолиятида амал қилиши лозим бўлган касбий этика ва муҳим тавсиялар тушунтирилди.
Шунингдек, таълимни юқори босқичларда давом эттириш истагида бўлган ёшлар учун яратилган кенг имкониятлар алоҳида қайд этилди. Самимий руҳда ўтган йиғилиш якунида битирувчиларнинг келгуси фаолиятига муваффақият ва зафарлар тиланди.
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилоятида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида “Қуръон тинчликка буюради” шиори остида “Заковат” интеллектуал мусобақаси ўтказилди.
Беллашувдан кўзланган асосий мақсад — диний соҳа ходимларининг илмий-маърифий ва ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, улар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада оширишдан иборат.
Мусобақада шаҳар ва туманлардан жамланган жамоалар Қуръони карим, ҳадиси шарифлар, ислом тарихи, миллий қадриятлар ва мамлакатимиз қонунчилигига оид саволлар бўйича ўз билим ва тезкор фикрлаш қобилиятларини намоён этдилар.
Якуний натижаларга кўра:
1-ўрин — “Тафаккур” жамоаси
2-ўрин — “Иттифоқ” жамоаси
3-ўрин — “Ҳикмат” жамоаси
Ғолиблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллигининг махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Сирдарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати