Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Б.Каримов ва вилоят бош имом-хатиби ўринбосари Н.Абдуманнонов иштирок этиб, бу каби мусобақалар соҳа ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Муросасиз кечган баҳсларда қуйидаги полвонлар ўз вазн тоифаларида тенгсиз деб топилди ва республика босқичига йўлланмани қўлга киритдилар:
80 кг вазнда: 1-ўрин – М.Ҳидоятов (Булунғур т.), 2-ўрин – А.Янгибоев (Қўшработ т.), 3-ўрин – Ю.Шодиев (Тайлоқ т.).
+80 кг вазнда: 1-ўрин – О.Сайдуллаев (Пайариқ т.), 2-ўрин – Ҳ.Худоёров (Нуробод т.), 3-ўрин – М.Тошпўлатов (Иштихон т.).
90 кг вазнда: 1-ўрин – И.Хидиров (Жомбой т.), 2-ўрин – О.Жумаев (Самарқанд ш.), 3-ўрин – Р.Турсунов (Самарқанд т.).
+90 кг вазнда: 1-ўрин – М.Валиев (Каттақўрғон т.), 2-ўрин – Л.Хожиқурбонов (Пастдарғом т.), 3-ўрин – Ж.Ражабов (Нуробод т.).
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан муносиб тақдирланди. Бу каби тадбирлар нафақат жисмоний чиниқиш, балки миллий қадриятларимиз ва спорт анъаналаримизга бўлган ҳурматнинг яққол ифодаси бўлди.
Sammuslim.uz
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мушриклар ҳужумига дуч келдилар. Масжиди Ҳарамда намоз ўқиётганларида мушриклар бостириб кириб, у зотнинг жонларига қасд қилмоқчи бўлишди. Бўйинларига арқон солиб, бўғмоқчи бўлишди. Бу ҳолни кўрган Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу мушрикларнинг ёнига бориб, уларга қарата: «Бир одамни "Роббим Аллоҳ" дегани учун ўлдирмоқчимисиз?» деб хитоб қилдилар. У зот ўзларини ўртага қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қутқариш фикрида эдилар. Ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу муваффақият қозондилар, мушриклар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўз ҳолига қўйиб, уларга қарши чиқаётган ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳуга юзланишди. Ёлғиз ўзлари уларга қарши чиқдилар. Умрида бирор инсон билан жанжаллашмаган ҳазрат Абу Бакр розияллоҳу анҳу атрофини қуршаган мушрикларнинг тарсакилари, мушт ва тепкиларига ўзларини тутиб бердилар. Бу ҳам Расулуллоҳга бўлган муҳаббатдан бошқа нарса эмас эди.
Шайх Зулфиқор Аҳмад Нақшбандийнинг
"Ишқи Расул" китобидан Нодиржон Одинаев таржимаси