Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Имом Бухорий ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламида мана бу воқеани ҳикоя қилади: Бани Исроилдан бўлган киши бир одамдан минг динор қарз беришини сўради.
Ҳалиги одам: Гувоҳинг борми? деб сўради.
У: Гувоҳим Аллоҳ, деди.
Ҳалиги одам: Тўғри айтдинг, Аллоҳ гувоҳликка кифоя қилур, деди.
Вакилинг борми? деди.
У: Вакилим Аллоҳ, деб жавоб берди.
Ҳалиги одам: Аллоҳ вакилликга кифоя қилур, деди ва унга минг динорни берди. Бир муддатни белгилаб, ваъдалашишгач, қарзни олган одам қайтиб кетди.
Бу икки қарз берувчи ва қарз олувчининг ўртасида бир дарё бор эди. Ваъдалашилган вақт етиб келгач, қарз олган одам қарзларини эгасига қайтариш учун ҳақдорнинг олдига бормоқчи бўлиб, дарёнинг у томонига ўтиш учун қирғоқда қайиқ келишини кутиб турди, лекин кеч тушиб, анча вақт ўтишига қарамасдан дарёда ҳеч қандай қайиқ кўринмади.
Шунда у Аллоҳ таолога муножот қилиб: Аллоҳим, қўлимдаги пулларнинг эгаси гувоҳ сўраганида ҳам, вакил сўраганида ҳам Сени кўрсатган эдим, Аллоҳим, бу мактубимни унга етказгин, деди ва бир ёғочни олиб, уни ўйиб, ичига пулларни жойлаштирди, ёнига ёзган мактубини ҳам қўйиб қўйди, сўнгра ёғочни дарёга отиб юборди. Бу ёғоч Аллоҳнинг изни ва лутфи-инояти билан сувда сузиб кетди. Худди ана шу пайтда ўша пулларнинг эгаси ҳам ваъдага биноан дарё ёқасида қарздорни кутиб турган эди. У ерда ҳеч ким йўқлигини кўргач ортига қайтмоқчи бўлиб, ўзича: Ҳеч бўлмаса уйимга ўтин оламан, деб турган пайтда олдига бир ёғоч сузиб келди, у ёғочни уйига олиб кетди. Уйга келиб, ёғочни ёргач, ичидан унинг пуллари ва бир парча мактуб чиқди.
Чунки гувоҳ бўлган Аллоҳ қарздорга ёрдам берган, вакил бўлган Аллоҳ ўз ваколатини адо қилган эди. У Зот нақадар Буюкдир. “Аллоҳ, Ундан ўзга ибодатга сазовор зот йўқ. Бас, мўминлар Аллоҳнинг Ўзигагина таваккал қилсинлар” (Тағобун сураси, 13-оят).
Тошкент шаҳар Юнусобод туманидаги "Кулол-Қўрғон" жоме масжиди имом ноиби Баҳодир домла Муҳаммадиев Ўзбекистон – Буюк Британия ҳамкорлигида ўтказилган халқаро конференция доирасидаги «Буюк хизмат – Олий шараф» илмий-амалий кўрик-танловида ғолиб деб топилди.
Имом-домламизнинг илмий фаолияти, таълим соҳасидаги ташаббуслари ҳамда фидокорона меҳнатлари юқори баҳоланиб, у киши «Буюк хизмат – Олий шараф» халқаро эсдалик ва шараф нишонлари ҳамда махсус гувоҳнома билан тақдирландилар.
Баҳодир домлани ушбу юксак эътироф билан самимий қутлаймиз!
Аллоҳ таоло домламизнинг илмларини бундан-да зиёда қилсин, динимиз ва эл-юртимиз ривожи йўлидаги ижодий ва илмий фаолиятларига барака берсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати