Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Қачонки сиз намозда ташаҳҳуд ва саловот ўқиётганингизда, илтимос, қалбингиз тўлиқ ҳозир бўлсин ва айтаётган калималарингизни маъносини тушуниб айтинг:
1. “Ат-таҳиййату лиллаҳ…”
Сиз Подшоҳ — Аллоҳ ҳурзуридасиз. Унга ҳеч қандай тўсиқсиз бевосита салом беряпсиз. Гўёки шу лаҳзада Аллоҳ билан “суҳбатдасиз”. Тасаввур қилинг, сизнинг саломингиз қандай бўлиши керак? Албатта, кимга мурожаат қилаётганингизга мос, ихлос ва ҳурмат билан бўлиши лозим.
2. “Вас-салавоту ват-тоййибат”
Бу намоз — фақат Сенинг юзинг учун, эй Аллоҳ! Бу — Сенинг рубубиятингни тан олишдир.
3. “Ас-салому алайка айюҳан-набиййу ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ”
Аллоҳга салом берганингиздан сўнг, энди Пайғамбарга салом йўллайсиз. Шу кичикгина ўтиришда сиз Раббул-оламин ва Унинг Расули — Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан “учрашгандай” бўласиз. Бу манзарани, бу улуғ мажлисни бир лаҳза бўлса ҳам қалбингизда тасаввур қилинг.
4. “Ас-салому алайна ва ала ибадиллоҳис-солиҳийн”
Сиз ўзингизга ҳам гўзал салом беряпсиз (“ўзингизга гўзал салом беринглар”). Ўзингизни шу нур доирасига киритдингиз. Подшоҳ ва Унинг Расули ҳузурида ўзингизга салом бердингиз. Сўнгра Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом берасиз — гўё сиз ҳам улар сафига қўшилгандек бўласиз.
Бутун дунёда шу боғланишдан кўра гўзал, юксак ва пок алоқа борми?!!
Эй намоз ўқувчи! Илтимос, намозингиздаги шу оддий, лекин жуда улуғ лаҳзаларнинг лаззатини қўлдан бой берманг. Сиз бир кунда беш марта Аллоҳ, Унинг Расули, ўзингиз ва солиҳ бандалар билан “учрашасиз”.
Лекин салом берганингизда, кимга салом бераётганингизни эсланг!
Аллоҳим! Бизга ўргатганингдан фойда бер, бизга фойдали илм ўргат ва илмимизни зиёда қил. Омин, эй Роббул-оламийн.
Башариятга таълим берган зотга салавот айтиб туринг:
У зотга салавот ва саломлар бўлсин.
Салавот айтинг:
— тиз чўкиб ўтириб, қушчаси ўлган боланга тасалли берган зотга;
— муҳаббатни “Мени Оиша ҳақида озорламанглар” деган сўз билан ифодалаган зотга;
— бир куни унга озор бермагани учун касал бўлиб қолган яҳудийни бориб ҳолидан хабар олган зотга;
— Қиёмат куни: “Умматим! Умматим!” деб нидо қиладиган зотга.
Аллоҳим, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва саломларингни ёғдир!
Ҳомиджон қори ИШМАТБЕКОВ
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси