Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри "Наврўз" маҳалла фуқаролар йиғини 19-уйда яшовчи Мадина Қурбонованинг эски, хароба ҳолатдаги хонадони таъмирлаб берилди.
Оғир шароитда яшаб келган оиланинг уйи қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. Уй эгалари бу қувончли лаҳзада самимий хурсандчилик билдириб, дуолар қилишди.
Мазкур хайрли ишлар саховатли инсонларнинг эҳсонлари сабаб амалга оширилмоқда
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
"Яхшилик қилсангиз — ўзингиз учундир." (Исро сураси, 7-оят)
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтганлар:
"Раҳм қилганларга Раҳмон ҳам раҳм қилади."
Шу каби эзгу ишлар орқали яна кўплаб оилаларнинг ҳаётига нур кириб бормоқда.
Сиз ҳам яхшиликка сабабчи бўлинг!
ЎЗИНГИЗ ХОҲЛАГАН ЙЎНАЛИШНИ ТАНЛАНГ ВА ЭҲСОН ҚИЛИНГ!
манба:
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Покистоннинг “The Diplomatic Insight” журнали навбатдаги сонида Ўзбекистон ҳаётига доир туркум мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Хусусан, журнал саҳифаларидан Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёти, мамлакатимизнинг халқаро нуфузи, тарихий-маданий меросини кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган мақолалар ўрин олган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ва Янги Тошкент шаҳрида ўтказилган тантанали тадбирга бағишланган мақолалар журналнинг бош саҳифаларидан ўрин олган.
Материалларда мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичи, пойтахтнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, Янги Тошкентни замонавий, инновацион ва инсон учун қулай шаҳар сифатида барпо этиш борасидаги кенг кўламли ишларга эътибор қаратилган.
Журналда 25–29 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган “Ислом цивилизацияси маркази: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” мавзусидаги халқаро медиафорумда иштирок этган “The Diplomatic Insight” бош муҳаррири Асиф Нур қаламига мансуб мақолалар ҳам ёритилган.
Уларда ислом цивилизациясининг жаҳон тарихи ва маданиятидаги ўрни, унинг илмий-маърифий меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишда оммавий ахборот воситаларининг роли ҳақида сўз юритилади.
Айниқса, Ўзбекистон заминида етишиб чиққан буюк алломалар ва мутафаккирларнинг илмий меросини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига урғу берилган.
Мазкур материаллар Ўзбекистоннинг тарихий-маданий мероси ва бугунги ислоҳотларини халқаро аудиторияга етказишда медиа дипломатиясининг аҳамиятини кўрсатиб беради. Хусусан, ислом цивилизациясига оид илмий ва маданий меросни холис ҳамда замонавий ахборот воситалари орқали ёритиш халқлар ўртасида ўзаро англашув ва ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати