Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳаж сафарига оид асоссиз эълонлар кўпаймоқда. Афсуски, ўтган йили юзлаб ўзбекистонликлар ноқонуний йўллар билан ҳажга бориб, ибодатларини тўлиқ адо эта олишмади. Баъзилари депортация қилинди, қамалди, ҳатто вафот этганлар ҳам бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ҳажни ташкил этиш Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига юклатилган. Улар Саудия Арабистони билан расмий шартномалар асосида зиёратчиларга хизмат кўрсатади.
Саудия Арабистони қонунларига кўра, ҳаж фақат ваколатли ташкилотлар орқали амалга оширилади. Ноқонуний йўллар билан ҳажга бориш ибодат қилиш имкониятини бермайди ва қонунбузарлик ҳисобланади. Бундай ҳаракатлар депортация ва катта миқдорда жаримага сабаб бўлиши мумкин.
Зиёратингиз хавфсиз бўлиши учун фирибгарларга алданманг ва давлат кўмагида ташкил этилаётган расмий ҳаж сафарини танланг.
Огоҳ бўлинг, фирибгарларга алданманг!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси Диний-маърифий масалалар бўйича департаменти бошлиғи Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси Зайниддин домла Эшонқулов ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори Илҳом Бердиёровдан иборат делегация хизмат сафари билан Туркия давлатида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида асосий эътибор вақф ишлари ва зиёрат туризми бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилмоқда. Шунингдек, делегация аъзолари Туркияда таълим олаётган талабалар ва истиқомат қилаётган ватандошларимиз билан учрашиб, турли маърифий тадбирлар ўтказмоқдалар.
2026 йил 21 апрель куни Анқара шаҳрида Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ҳамда Туркия «Вақф» бошқармаси раҳбарияти билан муҳим музокаралар бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Музаффар Комилов икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги олий даражадаги ишончли муносабатлар барча тизимларда, хусусан, хайрия ва диний-маърифий соҳаларда ҳамкорлик кенгайишига хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.
Мулоқот давомида икки қардош мамлакат ўртасидаги хайрия лойиҳалари янги босқичга чиқаётгани эътироф этилиб, истиқболдаги режалар келишиб олинди. Ушбу музокаралар якунида соҳавий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим келишувларга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати