Наманган вилоятида “Ҳидоя” ўрта махсус ислом таълим муассасаси битирувчиларини ишга тақсимлаш бўйича учрашув ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Кадрлар бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Масжидлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Музаффар Камолов, Наманган вилояти бош имом хaтиби Абдуллоҳ Самадов ҳамда таълим муассасаси директори Қобилжон Мирзабоев битирувчиларни ишга тақсимлашга доир масалаларга тўхталишди.
Маълумот учун, "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасасининг бу йилги битирувчилари сони 35 нафар бўлиб, юртимиздаги масжидларга имом-хатиб ва имом ноиби вазифаларига тайинланади. Таълимни давом эттирмоқчи бўлганлар эса Тошкент ислом институти ва бошқа олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишлари мумкин.
Шунингдек, таълим муассасасида “Ёшлар ўртасида ватанпарварлик туйғусини шакллантириш куни” муносабати билан тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, профессор Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов сўзга чиқиб, ёш авлод қалбида Ватанга бўлган муҳаббат, миллий ғурур ва фидойилик туйғуларини сайқал топтириш ҳамма даврлар учун муҳим вазифа саналиб келишини таъкидлади.
Тадбирлар сўнгида талабаларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилиб, хайрли дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Холиқназар ташаббуслари билан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Қорақалпоғистон мусулмонлари қозияти ва қозиётга қарашли барча масжид имом-хатиблари томонидан нуроний кексалар, меҳнат фахрийлари ҳамда ёрдамга муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олинди. Тадбир доирасида муҳтож оилаларнинг турмушини енгиллаштириш мақсадида бир оилага замонавий қуёш панели ўрнатиб берилиб, қўшимча байрам совғалари топширилди. Бундай хайрия ташаббуслари жамиятда ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва инсон қадрини улуғлаш муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти