Шу йилнинг 11 апрель куни Бухоро шаҳридаги Мир Араб ўрта махсус ислом таълим муассасасига Қирғизистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Абдулазиз қори Зокиров бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Мартабали меҳмонлар ташриф давомида таълим муассасасининг фаолияти, ўқув жараёнлари ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Беш асрлик бой тарихга эга бўлган Мир Араб мадрасасининг ислом оламидаги ўрни, бу ердан етишиб чиққан забардаст уламолар ва мажмуанинг ноёб меъморий ечими меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Мулоқот давомида мазкур таълим даргоҳида таҳсил олган қирғизистонлик машҳур дин ва давлат арбоблари, алломалар ҳақидаги маълумотлар алоҳида ёдга олинди. Бу каби тарихий ришталар икки қардош халқ ўртасидаги диний-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Таълим муассасаси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати