Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Болалар зўравонлиги бўйича эксперт Шанта Дюб айтади: “Ота-оналар баланд овозлари ва “аҳмоқ”, “дангаса” каби сўзлари фарзандларига қанчалик салбий таъсир кўрсатишини афсуски яхши билишмайди”.
Тадқиқотчи Питер Фонагининг қайд этишича, болалар катталар нима деса, шунга ишонадиган бўлади. Улар катталарни жиддий қабул қилади. Катталарнинг болаларга қўпол сўзлари нафақат болаларнинг миясига шикаст етказади, балки жамият билан алоқа қила олмаслигига ҳам сабаб бўлади.
21 минг нафар иштирокчи қатнашган тадқиқотда: болаликда қўпол муомалада вояга етганлар бошқаларга қараганда 20% фоиз кўпроқ гиёҳванд моддалар истеъмол қилишга мойил бўлиши, уларнинг қамоққа тушиб қолиш хавфи эса ота-онасининг бақиришларини эшитмаганларга қараганда 2 баробар кўпроқ экани аниқланди.
Болалардан ўзлари эшитадиган энг ёмон сўзларни сўрашганда “Ҳеч қандай фойданг тегмайди”, “Аҳмоқсан”, “Ҳеч нарсани эплолмайсан” ибораларини, энг яхшиларини сўрашганда эса “Сен уддалайсан”, “Сен билан фахрланаман” ибораларини айтишган.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ёлғиз намоз ўқиётган одам масалан, хуфтон намозини жаҳрий қилиб ўқиётган бўлса ва эсидан чиқиб махфий ўқиб юборса, унинг ҳукми нима бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу кишининг намози тўлиқ адо этилган ҳисобланади. Чунки ёлғиз ўқиётган намозхон жаҳрий намозларни хоҳласа жаҳрий ёки махфий ўқиши мумкин. Аммо жаҳрий ўқиши жамоат билан адо этишга ўхшаганлиги учун афзал ҳисобланади. Махфий намозларда эса у ҳам махфий ўқийди. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кундуз вақтида ўқиладиган намозларда овоз чиқарилмайди, деганлар.
Ёлғиз ҳолатда намозни махфий ўқиётган намозхон эсида йўқ жаҳрийга ўтиб кетиб қолса ёки жаҳрий ўқиётиб махфийга ўтиб кетиб қолса, бу ҳолатда саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Лекин қасддан қилса, хатокор ҳисобланади.
Жаҳрий намозларда қироатни жаҳрий ва махфий намозларда махфий қилишнинг вожиблиги жамоатга, яъни имомга тегишли масала ҳисобланади. Шунинг учун имом бу ишларни унутиб тарк этса, саждаи саҳв қилади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази