Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари талабаларини жисмонан соғлом, ахлоқий баркамол этиб тарбиялаш ҳамда улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида анъанавий “Баркамол авлод” спорт мусобақалари ўтказиб келинмоқда.
Шу муносабат билан бугун, 13 апрель куни "Имом Термизий" ўрта махсус ислом таълим муассасасида мазкур спорт ўйинларининг ҳудудий саралаш босқичи бўлиб ўтди. Талабалар спортнинг миллий кураш, тош кўтариш, стол тенниси ва шахмат турлари бўйича ўзаро куч синашиб, энг маҳоратли спортчилар аниқлаб олинди.
Мусобақанинг якуний натижаларига кўра, миллий кураш йўналишида Яқуб Абдуғаффоров (201-гуруҳ), тош кўтаришда Исломжон Мирзалиев (202-гуруҳ), стол тенниси бўйича Сиротуллоҳ Раҳматуллаев (402-гуруҳ) ҳамда шахмат баҳсларида Феруз Чориев (402-гуруҳ) биринчи ўринни эгаллаб, мутлақ ғолибликни қўлга киритдилар.
Саралаш мезонларига тўлиқ жавоб берган ушбу талабалар жорий йилнинг 23-24 апрель кунлари Самарқанд вилоятидаги Ҳадис илми мактабида бўлиб ўтадиган “Баркамол авлод – 2026” мусобақасининг Республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.
“Имом Термизий” мадрасаси
Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 13–16 сентябрь кунлари Озарбойжон пойтахти Боку шаҳрида Туркий давлатлар муфтийлари кенгашининг навбатдаги VII йиғилиши ҳамда унинг доирасидаги бир қатор тадбирлар бўлиб ўтади.
Йиғинларда туркий дунёнинг етакчи дин пешволари – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, Шайхулислом Аллоҳшукур Пошшозода, Туркия Диёнат ишлари бошқармаси раиси Сафи Арпагуш, Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, бош муфтий Наврўзбай ҳожи Тағанули, Қирғизистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Абдулазиз қори Закиров, Туркманистон муфтийcи Раҳмон Қурбонмуродов кабилар бошчилигидаги туркий давлатлар уламоларидан иборат делегациялар иштирок этади.
Мамлакатимиз делегацияси сафидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, Фатво маркази, ҳудудий вакилликлар ҳамда олий диний таълим муассасаларидан вакиллар жой олган.
Тадбирлар доирасида уламолар мусулмон уммати учун муҳим бўлган шаръий масалалар, замонавий фатволар ва муштарак ташаббусларни муҳокама қилиб, якуний ҳужжатларни имзолайдилар. Шунингдек, илмий-амалий анжуман, икки томонлама музокаралар ҳамда табаррук қадамжолар зиёрати ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати