frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Агар менга тош отмасдан туролмасангиз....

13.04.2026   12477   3 min.
Агар менга тош отмасдан туролмасангиз....

1. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуда намоз арконларини ўрнига қўйиб, чиройли ўқиган қулларини озод этиш одати бор эди. Хожаларининг бундай феълини билган қуллари хўжакўрсинга чиройли намоз ўқирдилар. Ҳазрати Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу эсалар  уларни  озод  этардилар. Бу  ҳақда  кимдир у зот розияллоҳу анҳуга буни эслатганида: “Модомики, кимдир Аллоҳнинг динига алоқадор нарсада мени алдамоқчи экан, марҳамат, мен алданишга тайёрман!” – деб жавоб берибдилар.

2. Ахнаф ибн Қайс[1] қуддиса сирруҳудан:

– Хушхулқликни кимдан ўргандингиз? – дея сўрашганда у зот қуддиса сирруҳу:

– Қайс ибн Осим ан-Нақрий қуддиса сирруҳудан, – деб жавоб бердилар.

Шунда ундан:

– Қайснинг қай бир хулқидан ибратландингиз, – дея сўрашганида ҳазрати Ахнаф айтдилар:

– Бир гал Қайснинг жорияси унга кабоб қовурадиган чўғли идишда кабоб келтираётиб қўлидан тушириб юборди. Иттифоқо, бу унинг чақалоғининг устига тушиб, гўдак  нобуд  бўлди. Бундан бояги  чўри аёл даҳшатга тушиб, ақлдан озаёзди. Бу ҳолни кўрган Қайс унга шундай дедилар:

– Қўрқма, сенга ҳеч қандай зиён етмайди, мен сени Аллоҳ йўлида, Аллоҳ учун озод этдим!

3. Болалар Увайс Қараний қуддиса сирруҳуни кўришганида тош отишарди. Шунда у зот қуддиса сирруҳу айтардилар:

– Агар менга тош отмасдан туролмасангиз, майли, отинг, фақат майдароғидан, токи оёқларимни қаттиқ жароҳатламасин. Йўқса, туриб ибодат қилишга ярамай қоламан.

4. Бир гал қандайдир киши Ахнаф ибн Қайс қуддиса сирруҳуга дашном бергани ҳолда кетидан эргашиб келарди. У зот ўз маҳаллаларига яқин етиб келганларида тўхтаб шундай дедилар:

– Эй йигит, менга тағин айтадиган гапинг бўлса, ҳаммасини шу ерда айтақол, йўқса, бу маҳалланинг баъзи телбасифат кишилари сўкинишингни эшитиб сенга зарар етказиб қўйишлари  мумкинлигидан  хавотирдаман.

5. Нақл қилишадики, бир куни амирул мўминийн Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу хизматкорни чақирган эдилар, жавоб бермади. Қайта-қайта чақирган эдилар, яна жавоб бермади... Ночор, ўзлари туриб бориб сўрадилар:

– Чақирганимни эшитмадингми?..

Хизматкор эшитганига иқрор бўлди. Шунда Мўминлар амири каррамаллоҳу важҳаҳу:

– Чақирганимни эшитган бўлсанг, нимага ахир жавоб бермайсан, – деб сўрадилар. Шунда хизматкор:

– Жазоламаслигингизни билиб, шунчаки эринганимдан бормагандим...– дея жавоб берди.

Шунда ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу унга:

– Сени Аллоҳ учун озод этдим! – дедилар.

“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.


[1] Ахнаф ибн Қайс (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин) бениҳоя камтар ва кўплаб яхши хулқ соҳиби бўлганлар. Араблар у кишини мақталган хулқ ва одоблари туфайли мисол қилиб келтирадилар - Муҳаррир.

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб бормоқда

12.08.2026   52709   1 min.
Ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб бормоқда

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
 

Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.

Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.



Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!

ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати

Ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб бормоқда Ҳар бир хонадонга байрам шукуҳи кириб бормоқда