Гар бўлмаганда олов қўшнисин куйдирмоғи,
Билмас эдик биз исириқнинг фойда бўлмоғи.
Доимо кучли ғайрат ва олий ҳиммат соҳиби бўлинг. Сизнинг фақат юқорига қараб кўтарилишингиз ва доимо ҳаракатда бўлишингизни истардим. Пастга тушиш ёки тиниб қолишдан сақланинг. Билингки, ҳаёт сония ва дақиқалардан иборат. Тиришқоқлигингиз, сабр ва матонатда чумоли каби бўлинг, доимо ҳаракат қилинг.
Тавба қилинг, агар яна гуноҳ ишга қўл урсангиз яна тавба қилинг. Қуръонни ёдланг, агар унутиб қўйсангиз иккинчи, учинчи, ҳатто ўнинчи марта бўлса ҳам қайтда ёдлаверинг. Асосийси, руҳий тушкунликка тушманг ва йиқилганингизни тан олманг. Чунки тарих охирги сўзни билмайди, ақл сўнгги чегарани эътироф қилмайди, улар фақатгина ҳаракат ва орзу рўёбини билади, холос.
Умр жисм кабидир, унда гўзаллаштириш учун жарроҳлик амалиётини олиб бориш мумкин. Умр бино кабидир, уни таъмирлаш, қайта қуриш ва бўёқ билан чиройли қилиш мумкин. Тушкунлик ва муваффақиятсизликдан сақланинг. Касалликлар, офатлар, мусибатлар ва синовлар келишидан чўчишни тўхтатинг, Аллоҳга таваккул қилинг. У зот айтади:
﴿وَعَلَى اللَّهِ فَتَوَكَّلُوا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ﴾
“…Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз” (Моида сураси, 23-оят).
Шуъла: Маъсиятни тарк этиш жиҳод, унда давом этиш эса қайсарликдир.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбариятининг аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотлари фуқаролар мурожаатларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков Диний идорага келган бир гуруҳ фуқароларни қабул қилиб, уларнинг мурожаат, арз ва таклифларини тингладилар.
Мулоқот давомида имомлар фаолиятини янада такомиллаштиришга оид таклифлар кўриб чиқилди. Шунингдек, устоздан хайрли дуо олиш ниятида келганлар, ўзлари ёзган китобларини тақдим этганлар ҳам бўлди. Моддий ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларга эса белгиланган тартибда тегишли кўмак кўрсатилди.
Самимий қабул ва кўрсатилган эътибордан мамнун бўлган фуқаролар миннатдорлик билдириб, хайрли дуолар қилишди.
Дарҳақиқат, инсон дардига шерик бўлиш, унинг ташвишини енгиллатиш — савоби улуғ амалдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:
«Ким биродарининг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади» (Имом Бухорий ривояти).
Эслатиб ўтамиз, бундай қабуллар Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудий вакилликлари ҳамда барча жоме масжидларида ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати