frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Булутларга боқинг, тупроққа эмас

15.04.2026   14715   1 min.
Булутларга боқинг, тупроққа эмас

Гар бўлмаганда олов қўшнисин куйдирмоғи,
Билмас эдик биз исириқнинг фойда бўлмоғи.

Доимо кучли ғайрат ва олий ҳиммат соҳиби бўлинг. Сизнинг фақат юқорига қараб кўтарилишингиз ва доимо ҳаракатда бўлишингизни истардим. Пастга тушиш ёки тиниб қолишдан сақланинг. Билингки, ҳаёт сония ва дақиқалардан иборат. Тиришқоқлигингиз, сабр ва матонатда чумоли каби бўлинг, доимо ҳаракат қилинг.

Тавба қилинг, агар яна гуноҳ ишга қўл урсангиз яна тавба қилинг. Қуръонни ёдланг, агар унутиб қўйсангиз иккинчи, учинчи, ҳатто ўнинчи марта бўлса ҳам қайтда ёдлаверинг. Асосийси, руҳий тушкунликка тушманг ва йиқилганингизни тан олманг. Чунки тарих охирги сўзни билмайди, ақл сўнгги чегарани эътироф қилмайди, улар фақатгина ҳаракат ва орзу рўёбини билади, холос.

Умр жисм кабидир, унда гўзаллаштириш учун жарроҳлик амалиётини олиб бориш мумкин. Умр бино кабидир, уни таъмирлаш, қайта қуриш ва бўёқ билан чиройли қилиш мумкин. Тушкунлик ва муваффақиятсизликдан сақланинг. Касалликлар, офатлар, мусибатлар ва синовлар келишидан чўчишни тўхтатинг, Аллоҳга таваккул қилинг. У зот айтади:

﴿وَعَلَى اللَّهِ فَتَوَكَّلُوا إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ﴾

“…Агар мўмин бўлсангиз, Аллоҳга таваккал қилингиз” (Моида сураси, 23-оят).

Шуъла: Маъсиятни тарк этиш жиҳод, унда давом этиш эса қайсарликдир.

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Нақшбандия таълимоти – сохта тариқатчилик ва радикаллашувга қарши илмий қалқон

29.06.2026   5097   3 min.
Нақшбандия таълимоти – сохта тариқатчилик ва радикаллашувга қарши илмий қалқон

Жорий йилнинг 27 июнь куни Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказида “Тамаддун” лойиҳаси қўшма дастури доирасида “Нақшбандия таълимоти – сохта тариқатчилик ва радикаллашувга қарши илмий қалқон” мавзусида республика илмий-назарий конференцияси бўлиб ўтди.
 

Нуфузли анжуманда юртимиздаги кўплаб диний-маърифий ва илмий муассасалар, жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкент ислом институти, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Мир Араб олий мадрасаси, Жўйбори Калон аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти раҳбарияти, илмий ходимлари ва соҳа мутахассислари иштирок этдилар.


Ёт ғояларга қарши соф ақидавий мактаб


Конференцияда бугунги кунда глобал муаммога айланган диний радикализм, такфирчилик ва турли ёт фикрий оқимларга қарши мафкуравий курашда соф Нақшбандия тариқати, Мотуридийлик ақидаси ва Ҳанафийлик мазҳабининг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс эканлиги алоҳида таъкидланди.


Маърузачилар ўз чиқишларида ҳақиқий тасаввуф асло боқимондалик ёки дунёдан узилиш эмаслигини қайд этдилар. Аксинча, собиқ совет тузуми даврида инсонларни материалистик ҳаёт тарзига мослаштириш ва диннинг асл моҳиятини бузиб кўрсатиш мақсадида атайлаб сохта тариқатчилик ғоялари ёйилгани тарихий далиллар ва илмий асослар билан очиб берилди.


Халқаро ҳамкорлик ва илмий мулоқот


Диний-миллий қадриятларимизни тиклаш, халқимизнинг маънавий меросини асраш ва жамиятда бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашни мақсад қилган ушбу анжуманда маҳаллий уламолар билан бир қаторда хорижлик нуфузли олимлар ҳам қатнашди. Жумладан, Бухоро давлат университети профессори Айман Усмон Аш-Шурайъий ва Туркиянинг Дижле (Dicle) университети ходими Мустафо Алагўзоғлу (Mustafa Alagözoğlu) ўзларининг илмий маърузалари билан иштирок этиб, Нақшбандия таълимотининг жаҳон цивилизациясида тутган ўрни ҳақида сўз юритдилар.


Амалий таклифлар ва истиқболдаги вазифалар


Анжуман якунида бугунги давр талаблари ва ёшлар тарбиясидаги долзарб масалалардан келиб чиққан ҳолда бир қатор муҳим амалий таклифлар илгари сурилди: 
 

  1. Рақамли платформалар яратиш: Соф Нақшбандийлик манбалари, уламоларнинг асарлари ва уларнинг шарҳларини ўз ичига олган махсус рақамли платформалар ҳамда мобил иловаларни ишлаб чиқиш;

  2. Таълим дастурларини бойитиш: Диний таълим муассасаларининг ўқув дастурларига тасаввуф фанларини, хусусан, юртимиздан етишиб чиққан буюк мутасаввифлар меросини чуқурлаштирилган ҳолда ўрганишни тизимли киритиш;

  3. «Дил ба ёр» шиорини тарғиб қилиш: Ёшлар ўртасида меҳнатсеварлик, ҳалол касб ва ватанпарварликни кенг тарғиб қилиш мақсадида Нақшбандия таълимотининг бош ғояси бўлмиш “Даст ба кору дил ба ёр” (Қўлинг ишда, қалбинг Аллоҳда бўлсин) шиори остида яшаб ўтган уламоларнинг ҳаёт йўлини кенг жамоатчиликка етказиш.


Анжуман иштирокчилари бу каби илмий учрашувлар юртимизда дин софлигини асраш ва ёшларни ёт таъсирлардан ҳимоя қилишда муҳим пойдевор бўлишини эътироф этди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Матбуот хизмати
 

Нақшбандия таълимоти – сохта тариқатчилик ва радикаллашувга қарши илмий қалқон Нақшбандия таълимоти – сохта тариқатчилик ва радикаллашувга қарши илмий қалқон Нақшбандия таълимоти – сохта тариқатчилик ва радикаллашувга қарши илмий қалқон Нақшбандия таълимоти – сохта тариқатчилик ва радикаллашувга қарши илмий қалқон Нақшбандия таълимоти – сохта тариқатчилик ва радикаллашувга қарши илмий қалқон
Ўзбекистон янгиликлари