Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Али розияллоҳу анҳу айтадилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тош кўтараётган бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларга: “Сизларнинг энг кучлигингиз ғазабланганда ўзини тута оладиганингиздир. Сизларнинг энг ҳалим (юмшоқ)ингиз кучи ета туриб афв қилганингиздир”, дедилар.
Саҳобалардан ҳазрати Али ва Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳум бақувватликлари билан машҳур бўлганлар.
Хайбар ғазотида Ҳазрати Алининг қалқонлари тушиб кетганда, қўрғон олдидаги дарвозани кўтариб у билан ўзларини ҳимоя қилганлар.
Бу ҳақда батафсил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари Абу Рофеъ айтади: “Расулуллоҳ Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга байроқ бериб, (сарияга) жўнатдилар. Биз ҳам бирга йўлга чиқдик. У киши бир қалъага яқинлашганларида ундан аҳли чиқиб, уришишди. Бир яҳудий у кишини урган эди, қалқонлари тушиб кетди. Шунда Али розияллоҳу анҳу қалъа дарвозасини суғуриб олиб, у билан ўзларини ҳимоя қилдилар. Аллоҳ таоло зафар бергунича қўлларидагини қўймай жанг қилдилар. Сўнг уни отиб юбордилар. Атрофимда етти киши бор эди. Мен саккизинчиси эдим. Биз дарвозани ағдаришга уриндик. Лекин уни қимирлата олмадик” (Имом Аҳмад ривояти).
Инсон жониини, динини сақлаш, Ватани, оиласини ҳимоя қилиш, атрофдагиларга кўпроқ фойда бериш мақсадида куч-қувватини ошириши марғуб ишдир. Албатта, бунда бажарадиган машқлар ва кўтарадиган оғир юклар саломатликка зарар етказмайдиган бўлиши лозим. Ислом дини жисмни ўта қийнаб ёки шариат ҳаром қилган маҳсулотлар, дориворлар билан қоматни шакллантиришдан қайтаради. Мусулмон киши мақтаниб ўз кучини мусулмонларга кўз-кўз қилиши ва бошқаларга зулм қилиши ҳаром амалдир.
Албатта, мўмин киши ҳар бир амалда ҳатто куч тўплашда ҳам авваламбор ниятини тўғирлаб олиши шарт. Худди шундай, оғир атлетика биланшуғулланувчи киши ҳам жисмонан соғлом, кўркам бўлиш ва куч-қувватини Аллоҳ таоло рози бўладиган ўринда ишлатишни мақсад қилмоғи керак.
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғлининг
"Исломда саломатлик" китобидан олинди
* * *
“Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг шифонгизни сизларга ҳаром бўлган нарсада қилган эмас!” (Имом Табароний ва Имом Байҳақий ривояти).
* * *
“Кишининг оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан яхшироқдир”
(Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди”(Имом Абу Аъло ривояти).
Дуонинг қабул бўлиши учун иккита сабаб лозим. Биринчиси, ҳалол луқмадир.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, дуоси қабул бўлмаганидан арз қилганида, у зот: “Эй Саъд, ҳаромдан узоқ бўлгин! Чунки кимнинг қорнига ҳаром луқма кирса, унинг дуоси қирқ кунгача ижобат бўлмас”, дедилар.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ибодат Аллоҳ хазиналаридан биридир. Бу хазинанинг калити эса дуодир. Бу калитнинг тишлари эса ҳалол касб ва ҳалол луқмадир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин?!» (Имом Муслим ривояти).
Нигора МИРЗАЕВА, тўплади.
“Ҳидоят” журналининг 2025 йил 9-сонидан