Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Саодатни кўрмадим молу дунё жамлашда,
Асли бахт калити бўлар чин тақво қилишда.
Бугунги кун дафтарингизнинг саодат саҳифалари ва энг аввалги байрам карточкалари бомдод намозидир. Шундай экан, кунингизни бомдод намози билан бошланг, шунда сиз Аллоҳнинг риояси, ҳифзи ва омонлигида бўласиз. У зот сизни барча ёмон нарсалардан асрайди, сизни яхшилик тарафга тўғирлаб қўяди ва сизни фазилатли амаллар томон бошлайди. Аллоҳ таоло бомдод намози билан бошланмаган кунга барака бермайди. Кунингизда барака бўлиши намозингиз қабул бўлганининг энг аввалги аломати ва муваффақият белгисидир. Бомдод намозини ўқиганларга жаннат бўлсин, уни доимий тарк этмаганларнинг кўзлари қувонсин! Бомдод намозига бепарво бўлганлар бахтсизлик ва маҳзунлик “эътиборида” бўлади!
Шуъла: Беҳуда тортишув ва баҳслар самимийлик ва гўзалликни кетказади.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Бугун, 7 сентябрь куни мусулмон дунёсининг энг нуфузли илмий муассасаларидан бири — Халқаро Ислом фиқҳи академияси томонидан Жидда шаҳрида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мазкур давлатлараро мақомга эга ташкилот аъзоси сифатида иштирок этмоқдалар.
Илмий-фиқҳий кенгашда мусулмон оламининг кўзга кўринган уламолари, академияга аъзо давлатларнинг муфтийлари, етакчи фатво кенгашлари раҳбарлари, Ал-Азҳар сингари йирик илм даргоҳларининг олимлари ҳамда нуфузли тадқиқот марказлари профессорлари қатнашмоқда.
Сўзга чиққан нотиқлар хотин-қизларни ҳар қандай шаклдаги тазйиқ, зўравонлик ва камситишлардан ҳимоя қилишда дин пешволари ҳамда уламоларнинг ўрнини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда зўравонликка қарши муросасиз муҳитни шакллантиришда илмий-шаръий манбаларнинг аҳамияти ҳақида нутқ қилмоқдалар. Шунингдек, Ислом дини аёллар ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини юксак даражада қадрлашини тарғиб қилишга алоҳида урғу қаратмоқдалар.
Анжуман тафсилотларини тармоқларимизда кузатиб боринг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати