Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Сентябр, 2026   |   3 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:42
Қуёш
06:02
Пешин
12:19
Аср
16:44
Шом
18:39
Хуфтон
19:54
Bismillah
14 Сентябр, 2026, 3 Рабиъус сони, 1448

Отда юриш ва чавандозлик

22.04.2026   18437   3 min.
Отда юриш ва чавандозлик

Қуръони каримнинг Анфол сураси 60-оятида:

﴿وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ وَمِنْ رِبَاطِ الْخَيْلِ﴾

Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! деб отлар зикр қилинади.

Ушбу оятдан маълум бўладики, отда юришни ўрганишга алоҳида эътибор қаратилган. Отлар қадимдан инсон ҳаётида оғирини енгил, узоғини яқин қилувчи, жангларда эса муҳим восита ҳисобланган. Шунинг учун, ҳадиси шарифларда ҳам от минишни ўрганиш ва унда чопишга кенг тарғиб қилинган. Араблар аввалдан чавандозлик билан машҳур бўлганлар. Улар фарзандларини саккиз ёшга тўлмасданоқ от минишни ўргатганлар. Ислом дини ёйилгач, бу одатни янада кенгроқ тарғиб қилинди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога ўйинларингизнинг яхшиси отда чопиш, камондан ўқ отиш ва аҳлларингиз билан ўйнашишингиздир”, деганлар.

Бошқа бир ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “От мининглар. Чунки бу отангиз Исмоил алайҳиссаломнинг меросидир”, деганлар. У зот ўзлари эгарсизотни бошқариш ва чопишда моҳир бўлганлар. Баъзан саҳобалари билан отда ҳам туяда ҳам мусобақалашиб турардилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Азбоъ деган туялари бўлиб, унда мусобақалашардилар. Бу туядан ўзадигани йўқ эди.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламунинг устида ўтирганларида бир аъробий келиб, ундан ўзиб кетди. Бу ҳолат мусулмонларга оғир ботди. Шунда, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг дунёдаги нарсаларни кўтариши ва тушириши бордир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисдан уловларда мусобақалашиш жоизлиги, мусобақалашганда кимдир ютиб, кимдир ютқазса, атрофдагилар ортиқча безовталанмаслиги ва ҳар қандай пешқадам ютқазиши мумкинлиги тушунилади.

Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу турли шаҳарларга мактуб жўнатганда, унда: “Фарзандларингизга сузишни ва чавандозликни ўргатинглар”, деб ёздирар эдилар.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида Миср волийси бўлганлар вау ерда кўплаб чавандозлик мусобақаларини ўказганлар.

Отда чопишкишининг жисмоний жиҳатдан чиниқиб, бақувват бўлишида муҳим воситадир. Унда инсон саломатлигига кўплаб фойдалар бор. Жумладан:

1. Отда чопиш очиқ ҳавода бўлгани туфайли нафас олиш тизимини яхшилайди.
2. Юрак уруши тезлигини меъёрига келтириб, танани кислород билан тўйинишини таъминлайди.
3. Танадаги қон айланиш тизимини яхшилайди.
4. Асаб тизими фаолиятини мўътадиллаштиради ва инсоннинг диққатини жамлаб ҳушёрлигини оширади.
5. Тана мускуллари қуввати ортади.

Доктор Саййид Муҳаммад Абдуннабий айтади: “Германияда ўтказилган тадқиқотлар натижасидан маълум бўлишича, отда юриш бел, бўғимлардаги оғриқни кетказади ва қад-қоматдаги нуқсонларни баратараф этади”.

"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

14.09.2026   8430   1 min.
Тошкентда Ўзбекистон ва Покистон туризм соҳаси вакилларининг B2B форматидаги учрашуви бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон ва Покистоннинг Карачи шаҳри туристик бизнеси вакиллари иштирокида B2B форматидаги учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Икки мамлакат туроператорлари ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтириш, янги туризм маҳсулотларини яратишга бағишланган тадбир “Centrum Air” авиакомпанияси томонидан ташкил этилди. Учрашув Тошкент–Карачи йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилиши муносабати билан “FAM Trip” таништирув тури доирасида ўтказилди.

Жорий йилнинг 10–12 сентябрь кунлари бўлиб ўтган ташриф давомида Карачи туризм бизнесининг 10 нафар вакили Ўзбекистонга келди. Делегация Тошкент ва Самарқанднинг тарихий, маданий ва диққатга сазовор сайёҳлик масканлари ҳамда мамлакатнинг замонавий туризм инфратузилмаси билан танишди.

B2B форматидаги учрашувда Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари тақдимоти ўтказилди. Унда Покистон бозорида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивани қамраб олувчи тарихий-маданий йўналишлар, Буюк Ипак йўли йўналишлари, гастрономик, экологик ва зиёрат туризмини тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Икки мамлакат туризм соҳаси вакиллари қўшма турпакетларни ишлаб чиқиш, янги йўналишларни шакллантириш ҳамда Ўзбекистон ва Покистон бозорларида туристик маҳсулотларни илгари суриш масалаларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, Карачи ва Тошкент ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновнинг йўлга қўйилиши туризм йўналишлари, жумладан, “Карачи–Тошкент–Самарқанд” йўналишини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратади ва келгусида Ўзбекистоннинг бошқа сайёҳлик марказларини ҳам қамраб олиш имконини беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари