Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бармоқ изларимиз бошқаларнинг бармоқ изига ўхшамаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Гарчи дунёда миллиардлаб инсонлар бўлса ҳам бирининг бармоқ изи бошқасиникидан фарқ қилади.
Шунингдек, ҳар бир инсонда ўзига хос ҳид бўлади. Биз уни оддий ҳид билиш қобилиятимиз билан ажрата олмаймиз. Лекин искович итлар бир инсоннинг ҳидини минглаб одамлар ичидан ажрата олади.
Бундан ташқари инсоннинг овози ҳам ҳар кимники ўзига хос бўлади. Буни бугунги кун илм-фан исботлаган. Ҳатто инсоннинг оғиз бўшлиғи ҳам бошқасиникига ўхшамас экан. Аллоҳ таоло қиёмат кунида ҳар кимни ўз суратида қайта тирилтиришини эслатиш учун бундай мўжизаларни бизга кўрсатиб қўйган.
Инсон ўзининг фарзандларига меҳр беришда ҳам адолатли қилиб яратилган. Мисол учун, ота кичик фарзандларини каттасига қараганда кўпроқ яхши кўради. Нима учун? Чунки отанинг ёши ўтгани сайин катта фарзандлари кичигига нисбатан барибир кўпроқ меҳр кўрган бўлаверади. Бу тенгсизликни тўғрилаш учун ҳам ота фарзандларига меҳр кўрсатишда адолат қилишга мойил қилиб қўйилган.
Шу ўринда юқорида келган оятни яна бир бор эсласак: “Ўзингизда ҳам (оят мўжизалар бор)”.
Ояти каримада айтилганидек Аллоҳнинг борлигини, адолатнинг бор бўлиши кераклигини инсон табиий ҳис қила олади. Аллоҳ таоло бундай деган:
﴿فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا﴾
“Унга (нафсга) гуноҳларини ҳам, тақвосини ҳам кўрсатиб қўйди” (Шамс сураси, 8-оят).
Нафс яхшилик билан ёмонликни ажрата олмайди. Балки Аллоҳ билдирган нарсанигина билади. Аллоҳнинг билдириши эса табиий равишда яхши ва ёмонни ажрата оладиган қилиб қўйганлигидир.
Фақатгина инсон эмас, борлиқдаги барча нарсада Аллоҳнинг борлигига далиллар бисёр.
Шайх Муҳаммад Мутавалли Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
"Аллоҳнинг борлигига ақлий далиллар" китобидан
Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.
ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.
Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.
Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."
Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.
Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати