Дунёнинг мол-мулкига эътибор қилмаган зоҳиднинг қалбини Аллоҳнинг ўзи бой қилиб қўяди. Унга гарчи хоҳламасада дунё бойлигидан бериб қўяди. Шу маънода улуғ зоҳидлардан бирларини Аллоҳга қилган гўзал муножотини тингланг:
“Аллоҳим, Сени йўқотган нимани топди?! Сени топган эса нимасини йўқотди?! Сендан ўзга жойда орому ҳаловат излаган, уни топмади. Сени қўйиб бошқа томонга югурган, зиёну заҳматда қолди”.
Бир одам Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳудан кўйлакларини ўзлари тикаётганларини кўриб сўради:
“Эй Иброҳим, Аллоҳ сизга Балх подшолиги ўрнига нима берди?”
Иброҳим қуддиса сирруҳу жавоб бердилар:
“Аллоҳнинг менга берган нарсаларини англаб етиш учун сени ақлинг ожизлик қилади, лекин шунга қарамасдан, Аллоҳнинг менга ато этганларидан сени фаҳминг оладиган бир нарсани кўрсатаман, ўзинг тушиниб оласан”.
Иброҳим қўлларидаги игнани денгизга ташлаб, сўнг уни қайтариб беришлигини сўраб Аллоҳга дуо қилдилар. Шу онни ўзида оғизларида олтин игналар тутган, саноқсиз балиқлар бирин кетин дарёдан бошларини чиқара бошладилар.
Иброҳим Адҳам қуддиса сирруҳу:
“Ё Худойим, ўзимни игнамни қайтариб беришингни хоҳлайман,” дедиларда, ёнларидаги одамга қарата:
“Бу Аллоҳнинг менга берган ва сени фаҳминг олиши мумкин бўлган неъматларидан биргинаси эди холос”, деб жавоб бердилар.
“Ахлоқус солиҳийн” (Яхшилар ахлоқи) китобидан
Йўлдош Эшбек, Даврон Нурмуҳаммад
таржимаси.
Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, доцент Азалшоҳ Ҳамроев ҳаммуаллифлигида «Бухоро: шарафли ўтмишдан буюк истиқбол сари» номли салмоқли китоб-альбом чоп этилди.
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги нуфузли «Mega basim» нашриётида юқори полиграфик сифатда чоп этилган ушбу 384 бетлик асар ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган.
Китоб-альбомда Ислом цивилизацияси бешикларидан бири бўлган кўҳна Бухорои Шарифнинг уч минг йиллик шонли тарихи, бой маънавий-маданий мероси, шунингдек, буюк алломалар юртидаги муқаддас қадамжоларнинг ўрни алоҳида эътироф этилган.
Шу билан бирга, нашрда Янги Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ижобий ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари ва ижтимоий тараққиёт юқори сифатли суратлар, аниқ маълумотлар ҳамда илмий асосланган матнлар орқали очиб берилган.
Мазкур нашр нафақат тарихий ва маърифий меросни ўрганишда қимматли манба, балки юртимиздаги тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва маънавий юксалишнинг ёрқин кўзгуси бўлиб хизмат қилади.
Янги китоб-альбом маърифатпарвар халқимиз ва китобхонларга муборак бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати