Ўзбекистон делегациясининг Туркия давлатига амалий сафари доирасида бугун, 22 апрель куни Туркия исломий тадқиқотлар маркази раҳбарияти ва мутасаддилари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда бугунги кун учун жуда муҳим бўлган китоблар нашри, уларнинг электрон вариантларини ижтимоий тармоқларда кенг тарқатиш ҳамда сунъий ақл тизимларидан фойдаланишда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавобни асл манбаларга асосланган маълумотлардан олишларини таъминлаш борасида музокаралар олиб борилди.
Шу билан бир қаторда, “Вақф” хайрия жамоат фонди фаолияти бўйича алоҳида музокаралар ўтказилиб, фондга доир китоблар ва маълумотлар билан танишилди.
Туркиялик олимлар ўз мамлакатларида вақф фаолиятини ташкил этишда қадимий Бухоро ва Самарқанд мактаблари тажрибасидан фойдаланишганини, бу борада махсус тадқиқотлар ўтказиб, китоб нашр этишганини мамнуният билан эътироф этишди. Учрашув сўнгида марказ томонидан нашр этилган “Саҳиҳул Бухорий” асарининг минг йил олдинги нусхаси ҳамда Бухоро вақф ишларига доир тарихий китоблар ўзбекистонлик меҳмонларга тақдим этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро исломшунослик академияси ва Тошкент давлат шарқшунослик университети кутубхоналаридаги тарихий манбалар ва қўлёзмалар устида биргаликда тадқиқотлар ўтказишга келишиб олинди.
Ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA) билан давом этди. Учрашувда Ўзбекистондаги мавжуд илмий-тадқиқот марказлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, олимларнинг ижодий меросини ўзаро турк ва ўзбек тилларига таржима қилиш ҳамда ижтимоий тармоқларга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Туркиядаги диний тизим фаолияти ва талабалар тажриба алмашуви бўйича ҳам келишувларга эришилди.
Куннинг иккинчи ярмида ўзбекистонлик талаба ёшлар билан учрашув ташкил этилди. Унда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий қадриятларга эҳтиром, ватанпарварлик ва ёт оқимлардан сақланиш каби долзарб мавзулар ёритилди.
Талабалар кўрсатилаётган эътибор учун Давлатимиз раҳбари ва ташкилотчиларга ўз миннатдорликларини билдиришди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан воҳамиз аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрли ишлар давом этмоқда.
Бугун, ЎМИ Қашқадарё вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло домла Усмонов бошчиликларида ҳомийлар жалб этилган ҳолда маҳалла ҳудудидаги хонадонларга ташриф буюриб, хонадон аҳиллари билан самимий суҳбатлар ўтказилди. Уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида совға-саломлар ва хайр-эҳсон қутилари тарқатилди.
Бундай хайрли ташаббуслар халқимизга хос меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга маънавий далда ва кўмак беришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юртимизда тинчлик-осойишталик, хонадонларимизда файзу барака бардавом бўлсин!
ЎМИ Қашқадарё вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати