Уқба ибн Алидан ривоят қилинади: Самома ибн Шафий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан эшитган. У зот айтади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда:
﴿وَأَعِدُّوا لَهُمْ مَا اسْتَطَعْتُمْ مِنْ قُوَّةٍ﴾
“Имконингиз борича куч-қувватни тайёрлаб қўйингиз” (Анфол сураси, 60-оят).
“Огоҳ бўлинглар қувват отишликдир, огоҳ бўлинглар қувват отишликдир, огоҳ бўлинглар қувват отишликдир” деганларини эшитганман (Имом Муслим ривояти).
Ушбу ҳадисда Пайғамбаралайҳиссалом отишни ва отиш асбобларини ўрганишга ундаганлар. Уламолар бу ҳадис шарҳида киши ўзини, оиласини ва ватанини ҳимоя қилиш мақсадида отишни ва ҳарбий машқларни ўрганиши лозимлигини таъкидлаганлар.
Камондан ўқ узиш ёки ҳарбий машқлар кишини жисмонан чиниқтиради ва иродасини тоблайди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобалар орасида камондан ўқ узиш, кураш, югуриш ва бошқа турли жисмоний машқларни бажариш мусобақаларини ўтказиб, унда ўзлари ҳам иштирок этганлар.
Салама ибн Акваъ розияллоҳу анҳу айтадлар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ камондан ўқ узиб мусобақалашаётган мусулмонлар олдидан ўтдилар. Уларга: “Отинглар! Бани Исмоил. Оталарингиз мерган бўлган. Отинглар! Мен Бани фулон биланман”, дедилар. Шунда икки гуруҳдан бириқўлидагини тутиб (тўхтаб) қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Нимага отмаяпсиз?” дедилар.Улар: “Сиз улар томонда бўлсангиз қандай отамиз?” дейишди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Отинглар! Мен барчангиз билан биргаман”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Ушбу ҳадис гуруҳларга бўлиниб, мусобақалар ўтказиш, уларга мухлислик қилиш жоизлигини кўрсатади.
Саҳобалар ораларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Ҳамза ибн Абдулмутталиб энг мерганлардан бўлганлар.
Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳу кўпроқ овга қизиққанлар ва моҳир овчи бўлганлар. Шунинг учун, у зот кўпроқ овчиликка оид ҳадисларни ривоят қилганлар.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли
Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтига янги қабул қилинган 1-курс талабалари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари устоз Зайниддин домла ҳамроҳлигида идора фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Танишув давомида талабаларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тарихи, тузилмаси, асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар, таълим ва маърифат йўналишидаги лойиҳалар хусусида сўз юритилди.
Талабалар идора фаолиятига оид ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, келгусидаги таълим ва касбий фаолиятлари учун муҳим маълумотларга эга бўлдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати