Бугун, 24 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари жума намозини Мирзо Улуғбек туманидаги “Мулла Холмирза ота” жоме масжидида адо этдилар.
Муфтий ҳазратлари жума намозидан олдин жамоатга бутун дунё мусулмонлари эҳтиромини қозонган улуғ аллома, бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳақида манфаатли маъруза қилиб бердилар.
Суҳбат аввалида ҳадислар борасида ҳам тўхталиб ўтилди. Зеро, Расулуллоҳнинг ҳадислари Қуръондан кейинги иккинчи манба, ҳадис тўпламларининг энг ишончли ва мукаммали эса буюк аждодимиз Имом Бухорий тўплаган “Саҳиҳи Бухорий” китоби ҳисобланади.
Улуғ бобомиз ҳақида машҳур муҳаддис ва олимларнинг таърифлари, хусусан, Имом Ибн Хузайманинг баҳоси келтириб ўтилди: “Осмон остида Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларини яхши билувчи ва ёдловчи инсонни кўрмадим”.
Имом Бухорий ҳақларидаги бу мақтовлар – оддий сўзлар эмас, балки буюк илм аҳллари томонидан берилган тарихий гувоҳликдир.
Бугунги кунда Юртбошимиз ташаббуслари билан Имом Бухорий ҳазратларининг мақбаралари у зотнинг илмий фаолиятлари ва юксак обрў-эътиборларига муносиб тарзда қайта қурилиб, улкан ва маҳобатли мажмуа сифатида барпо этилгани ҳам у зотга муносиб ворис бўлишнинг бир намунаси экани таъкидлаб ўтилди.
Муфтий ҳазратлари Имом Бухорий ҳазратларининг ҳаёт йўли ҳақида сўзлар экан, у кишининг отаси Исмоил вафоти олдидан бундай деганини келтирдилар: “Топган молимда бир дирҳам ҳам ҳаром ёки шубҳали нарса борлигини билмайман”. Демак, комил ва олим фарзанд етиштиришда луқмасининг ҳалол бўлиши жуда муҳим экан. Қолаверса, Имом Бухорий ҳали гўдаклигида кўриш қобилияти сусайиб кетади. Шунда онасининг тинимсиз дуолари, парвариши сабабли Муҳаммад ибн Исмоил яна кўра бошлайди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, тўғри таълим-тарбия билан бирга, ота-она фарзанди ҳақига кўплаб дуолар қилиб туриши ҳам лозим бўлади.
Имом Бухорий ҳазратлари илм талабида Макка, Мадина, Шом, Миср, Нишопур, Басра, Куфа, Бағдод, Восит, Марв, Рай ва Балх каби шаҳарларга сафар қилгани, у замонларда бунинг нақадар машаққатли бўлгани ҳақида сўз борар экан, бугунги ривожланган замонда илм ўрганишга ҳар жиҳатдан қулай шароитлар муҳайёлиги, шундай экан, ёшларимизни илмга янада тарғиб этиш лозимлиги эслатиб ўтилди.
Гўзал мавъиза сўнгида юртимиздан яна Имом Бухорийдек улуғ олимлар чиқишини сўраб дуо қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида "Ислом маърифати, ҳадис илми ва Имом Бухорий мероси" ўқув курси ўтказилди. Мутахассислар томонидан ёдгорлик мажмуаси гид-экскурсоводлари учун ўтказилган машғулотлар доирасида экскурсия фаолияти билан боғлиқ ҳуқуқий, назарий ва амалий масалалар кўриб чиқилди, хабар бермоқда “Самаркандский вестник” нашри.
- Бу ерга ташриф буюрган ҳар бир зиёратчи фақат ибодат қилиш учун эмас, балки маънавий "озиқ" олиш учун ҳам бориши керак, - дейди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Бу ерда фаолият юритаётган гидларнинг малакасини ошириш тизимини йўлга қўяр эканмиз, уларга Имом Бухорийнинг бизга қолдирган меросини, бу мероснинг тарихий манбаларини чуқур ўргатишимиз шарт.
Курс доирасида мажмуага биринчи марта ташриф буюрган меҳмонлар билан мулоқотнинг ўзига хос хусусиятлари муҳокама қилинди. Хорижлик зиёратчиларга нафақат Имом ал-Бухорий ҳаётидаги фактлар ва диний қадриятларимизни етказиш, балки бой маданий меросимизни асраб-авайлаш ва етказиш каби долзарб масалалар кўтарилди.
Гид-экскурсоводлар ҳам ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, келгусидаги ишларни ташкил этиш бўйича таклифлар бердилар. Бу бевосита экскурсияларни ўтказиш пайтида юзага келадиган масалаларни муҳокама қилиш имконини берди.
Курс Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Диний таълим соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, вилоят ҳокимлиги ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини сақлаш ва унинг атрофини ободонлаштириш департаменти томонидан ташкил этилди.
Тарихий обидалар ва зиёратгоҳлар туризм салоҳиятининг муҳим қисми бўлган Самарқанд вилояти учун малакали мутахассисларни тайёрлаш алоҳида аҳамиятга эга. Меҳмонга ташриф буюриладиган жойнинг тарихи қанчалик тўлиқ ва тушунарли очиб берилиши гиднинг профессионаллигига боғлиқ. Шунинг учун ҳам гид-экскурсоводларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш, уларнинг касбий билим ва кўникмаларини такомиллаштириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш Самарқандда туризм хизматлари сифатини оширишда устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати