Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Набавий табобат маҳсулотлари: асал

27.04.2026   14206   2 min.
Набавий табобат маҳсулотлари: асал

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло яратган ажиб неъмат, инсоннинг саломатлиги учун энг фойдали маҳсулотлардан бири асалдир.

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:

﴿وَأَوْحَى رَبُّكَ إِلَى النَّحْلِ أَنِ اتَّخِذِي مِنَ الْجِبَالِ بُيُوتًا وَمِنَ الشَّجَرِ وَمِمَّا يَعْرِشُونَ ثُمَّ كُلِي مِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ فَاسْلُكِي سُبُلَ رَبِّكِ ذُلُلًا يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ﴾

«(Эй, Муҳаммад!) Роббингиз асалариларга ваҳий (бўйруқ) қилди: Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга инқурингиз”. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!» Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир» (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).

Ҳадиси шарифда ҳам жуда кўп ўринларда асалнинг шифо экани баён қилинган. Жумладан: Абу Мутаваккилдан, у Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши келиб: “Менинг бир биродарим қорни(касаллиги)дан шикоят қилмоқда”, деди. Бошқа ривоятда; “Ошқозони дармонсиз бўлди”, дейилган. У зот алайҳиссалом: “Унга асал ичиргин”, дедилар. У киши жўнаб кетди ва яна қайтиб келиб: “Асал ичирган эдим. Ундан бирор нарсани кетказмади”, деди. Бошқа ривоятда: “У (асал) фақат дармонсизликни зиёда қилди холос”, деди. Икки ёки уч марта келган эди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга яна: “Асал ичир!” дедилар.Учинчи ёки тўртинчисида: “Аллоҳ рост гапиради. Дўстингни қорни ёлғончи экан”, дедилар (Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти).

“Саҳиҳи Муслим”да: “Дўстингни қорни тузалмас касалликка чалинибди” лафзи келтирилган. Яъни, ҳазми бузилибди, ошқозони касалланибди деган маънода.

Яна бир ҳадисда: “Ўзларингизга икки шифо; асал ва Қуръонни лозим тутинглар” дейилган (Имом Можа, Имом Ҳоким ривояти).

Асал мижози нам, совуқ кишилар учун энг яхши озуқадир. У жигар, юракни тозалайди. Сийдикни ҳайдайди. Кўзга суртилса, кўриш қобилиятини оширади.

Эрта тонгда асални сувга аралаштириб ичишда жуда кўп фойда бўлиб, саломатликни яхшилайди ва зеҳнни оширади.

"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Малайзия телеканалида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари кенг ёритилди

17.08.2026   69108   2 min.
Малайзия телеканалида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари кенг ёритилди

Малайзиянинг “Berita RTM” телеканалида Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган махсус дастур намойиш этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида эфирга узатилган ушбу кўрсатувда малайзиялик профессорлар – Бадрул Иса ва Норфадилаҳ Камаруддин томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон–Малайзия: креатив туризм” номли лойиҳа тақдим этилди.

Олимлар ташаббуси билан яратилган мазкур лойиҳа мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси, Туризм қўмитаси ва Ислом цивилизацияси маркази ҳамкорлигида амалга оширилди.

Ташаббус Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақида “Visual storytelling” форматида профессионал рақамли контент яратишни назарда тутади.

Лойиҳага кўра, 17–31 август кунлари Малайзия UiTM технология университетининг профессионал фотографлари ва дизайнерларидан иборат ижодий жамоа Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хоразмда суратга олиш ишларини олиб боради.

Малайзиялик ижодкорлар юртимиз ҳақида тайёрлаган фото ва видеоматериаллар “Instagram”, “Facebook”, “TikTok”, “YouTube” каби интернет платформаларда жойлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада юртимиз олий ўқув юртларининг дизайн, санъат, туризм ва меҳмонхона бизнеси йўналишидаги талабалари ҳам иштирок этади. Бу академик, туризм ва ижодий соҳаларда тажриба алмашишни ташкил этиш имконини беради.

Дастурда фикр билдирган Бадрул Иса лойиҳа АСЕАН мамлакатлари ва мусулмон оламида Ўзбекистонни янада кенгроқ танитишга хизмат қилишини таъкидлади. Унинг фикрича, рақамли платформалар орқали мамлакатимиз тарихий мероси, зиёрат туризми ва амалга оширилаётган сўнгги ўзгаришлари кенг ёритилади.

“Биз бой тарихий мерос, юксак маданият ва меҳмондўст халққа эга бўлган Ўзбекистонни АСЕАН минтақаси аҳолиси томонидан қайта кашф этилишини истаймиз”, – деди профессор.

Шунингдек, у Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан табриклаб, лойиҳа натижалари ушбу санага муносиб совға бўлишини қайд этди.

Ушбу ташаббус Ўзбекистоннинг зиёрат туризмини оммалаштириш ва АСЕАН мамлакатларидан кўпроқ сайёҳларни жалб қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари