Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло яратган ажиб неъмат, инсоннинг саломатлиги учун энг фойдали маҳсулотлардан бири асалдир.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
﴿وَأَوْحَى رَبُّكَ إِلَى النَّحْلِ أَنِ اتَّخِذِي مِنَ الْجِبَالِ بُيُوتًا وَمِنَ الشَّجَرِ وَمِمَّا يَعْرِشُونَ ثُمَّ كُلِي مِنْ كُلِّ الثَّمَرَاتِ فَاسْلُكِي سُبُلَ رَبِّكِ ذُلُلًا يَخْرُجُ مِنْ بُطُونِهَا شَرَابٌ مُخْتَلِفٌ أَلْوَانُهُ فِيهِ شِفَاءٌ لِلنَّاسِ إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَةً لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ﴾
«(Эй, Муҳаммад!) Роббингиз асалариларга ваҳий (бўйруқ) қилди: “Тоғларга, дарахтларга ва (одамлар) барпо қиладиган нарсаларга инқурингиз”. Сўнгра турли мевалардан еб, Парвардигорингиз (сиз учун) қулай қилиб қўйган йўллардан юрингиз!» Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир» (Наҳл сураси, 68-69-оятлар).
Ҳадиси шарифда ҳам жуда кўп ўринларда асалнинг шифо экани баён қилинган. Жумладан: Абу Мутаваккилдан, у Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир киши келиб: “Менинг бир биродарим қорни(касаллиги)дан шикоят қилмоқда”, деди. Бошқа ривоятда; “Ошқозони дармонсиз бўлди”, дейилган. У зот алайҳиссалом: “Унга асал ичиргин”, дедилар. У киши жўнаб кетди ва яна қайтиб келиб: “Асал ичирган эдим. Ундан бирор нарсани кетказмади”, деди. Бошқа ривоятда: “У (асал) фақат дармонсизликни зиёда қилди холос”, деди. Икки ёки уч марта келган эди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга яна: “Асал ичир!” дедилар.Учинчи ёки тўртинчисида: “Аллоҳ рост гапиради. Дўстингни қорни ёлғончи экан”, дедилар (Имом Термизий, Имом Насоий, Имом Аҳмад ривояти).
“Саҳиҳи Муслим”да: “Дўстингни қорни тузалмас касалликка чалинибди” лафзи келтирилган. Яъни, ҳазми бузилибди, ошқозони касалланибди деган маънода.
Яна бир ҳадисда: “Ўзларингизга икки шифо; асал ва Қуръонни лозим тутинглар” дейилган (Имом Можа, Имом Ҳоким ривояти).
Асал мижози нам, совуқ кишилар учун энг яхши озуқадир. У жигар, юракни тозалайди. Сийдикни ҳайдайди. Кўзга суртилса, кўриш қобилиятини оширади.
Эрта тонгда асални сувга аралаштириб ичишда жуда кўп фойда бўлиб, саломатликни яхшилайди ва зеҳнни оширади.
"Исломда саломатлик" китобидан
Муҳаммад Зариф Муҳаммад Олим ўғли
Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича 46-халқаро танлов бошланди.
ИҚНА "Saudi Gazette" нашрига таяниб хабар беришича, пайшанба куни Маккада Қуръони каримни ёд олиш, ўқиш ва шарҳлаш бўйича қирол Абдулазиз номидаги 46-халқаро танлов бошланди.
Олтинчи рабиулаввалга (19 августга тўғри келади) қадар давом этадиган мусобақада 133 мамлакатдан жами 334 нафар эркак ва аёллар иштирок этмоқда, бу ушбу мусобақа тарихидаги энг катта вакилликдир.
Мусобақанинг мақсади "мусулмон ёшларни Қуръони Каримни ёд олиш, англаш ва мушоҳада қилишга ундаш, шунингдек, ҳалол рақобатни яратишдан иборат."
Танлов бешта тоифани ўз ичига олади ва умумий совринлар миқдори 10 260 000 Саудия риалини ташкил этади - бу танлов таъсис этилганидан бери энг юқори соврин жамғармаси.
Аввалроқ ушбу мусобақада Ўзбекистон шарафини қуйидагилар ҳимоя қилиши хабар қилинганди:
Муҳаммадаброр қори Юнусхонов («Мир Араб» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Муҳаммадамин қори Олимжонов («Саййид Муҳйиддин махдум» ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи);
Зилолахон Фарҳодова (Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти талабаси) — (Тўлиқ Қуръон ҳифзи);
Мухтасархон Муҳаммаджонова («Хадичаи Кубро» аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси) — (15 пора ҳифзи).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати