Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ Байтуллоҳни қуришди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга одамларни ҳажга чақиришга буюрди. Натижада, бу ер нафслар ошиқадиган, қалблар эса у томон шошадиган муборак жойга айланди.
Ҳижратнинг тўққизинчи санасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлга қодир бўлган одамларга ҳаж фарзлиги ҳақидаги оят нозил бўлди. Ҳаж диндаги фарзлардан бир фарз, Ислом рукнининг бир рукни бўлди. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ҳаж ибодати умрда бир марта адо этиладиган фарз амалдир. Ундан ортиғи нафл ҳисобланади. Эҳтиёжи ва қарамоғидагиларнинг нафақасидан ташқари Байтуллоҳга бориб келишга етарли маблағи бор ҳар бир ақли расо, балоғатга етган, озод, соғлом мусулмонга ҳаж амалини адо этиш фарздир. Бундай шароитлар мавжуд бўлса-да, уни кечиктирган, гуноҳкор бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳажни ирода қилса, шошилсин. Чунки киши бемор бўлиши, улови йўқолиб қолиши ва узри чиқиб қолиши мумкин”, деганлар.
Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, бу муборак ибодатни адо этиш учун юртимиз ҳожиларига барча шароитлар муҳайё қилинган. Улар ҳеч нарсага чалғимайди, бирор нарса ҳақида ўйламайди ҳам, хавотирга ҳам тушмайди, фақат ибодат қилади, ибодатнинг лаззатини ҳис қилади.
Ҳаж ибодати давомида гуноҳ қилмаган, фаҳш сўзлар айтмаган ҳожи, худди онадан янги туғилгандек гуноҳларидан пок бўлади. Бунинг учун ҳажга борувчилар қуйидагиларга амал қилишлари зарур:
– энг аввало, ниятни холис қилиш. Зеро, ҳар бир амал ниятга боғлиқ. Ҳар бир банда ниятига яраша савобга эга бўлади.
– ҳажнинг аркон ва амалларини тўлиқ ўрганиш;
– маблағнинг ҳалол бўлиши. Бу ҳар бир мусулмон учун муҳим ишлардан бўлиб, барча солиҳ амаллар, жумладан, ҳаж ибодатининг ҳам мақбул бўлиш шартларидан саналади. Зотан, Аллоҳ таоло покдир. Фақат покиза амалнигина қабул қилади;
– зиммадаги қарзларни узиш. Зеро, ҳақдор ҳақини кечмагунича Аллоҳ таоло кечмайди;
– омонатларни эгаларига қайтариш;
– аразлашганлар билан орани ислоҳ қилиш, улар билан ярашиш;
– қайтиб келгунича аҳли оиласи ва қарамоғидагиларга етадиган нафақа қолдириш;
– ўтган гуноҳларга тавба қилиш;
– Аллоҳ таолонинг розилигидан бошқа ўй-хаёлларни қалбдан чиқариш;
– сафар давомида гуноҳдан, беҳуда ишлардан ва бузуқ сўзлардан йироқ бўлиш;
– ҳамсафар йўлдошлар билан гўзал муносабатда бўлиши. Улар билан тортишмаслик, эътирозларига сабаб бўладиган ишларни қилмаслик, уларга озор етказмаслик ва улардан етган азиятларга сабр қилиш;
– талбия айтиш (Лаббайка Аллоҳумма лаббайк, лаббайка лаа шарийка лака лаббайк, иннал ҳамда ван-ниъмата лака вал мулк лаа шарийка лака) ни кўпайтириш;
– Аллоҳни дoимo зикp қилиш, иcтиғфоp aйтиш, Қypъoни кapимни тилoвaт қилиш; тилни ёлғoн, ғийбaт кaби бeҳyдa сўзлapдaн тийиш;
– ибодатларни бажаришда дангасалик, эринчоқлик қилмаслик, ғайратли, шижоатли бўлиш, вақтни ғанимат билиш;
– замзам сувидан тўйиб-тўйиб ичиш;
Аллоҳ таоло барчамизга бу улуғ ибодатни тўла-тўкис адо этишни ва унинг фазилатларига эришишни насиб айласин.
Даврон НУРМУҲАММАД
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати