Орзулар ёлғондек кўриниб дарак беради,
Лек ғалаба кўп қийинчилик билан келади.
Бир аёл айтади: Мен ўттиз ёшга тўлганимда эрим вафот этди. Беш фарзандимиз бор эди. Дунё кўзимга қоронғу кўриниб тинмай йиғлардим, охири кўзимга зарар беришини ўйлаб ўзимга келдим. Лекин мени ғам-ташвиш чулғаб олди. Чунки бизда оиламизга етадиган бирор кирим йўқ, фарзандларим эса ёш ва отамиз бизга ҳеч нарса қолдирмаган эди. Хонамда ўтирган вақтимда магнитафонни ёқдим, шунда бир шайхнинг бундай деяётганини эшитиб қолдим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من لزم الإستغفار جعل الله له من كل ضيق مخرجا
“Ким истиғфорни кўпайтирса Аллоҳ таоло унга ҳар қандай ғамдан енгилликни ва тангликдан чиқиш йўлини қилиб қўяди” (Имом Абу Довуд ривояти).
Шундан кейин истиғфорни кўпайтирдим, фарзандларимга ҳам шундай қилишларини буюрдим. Аллоҳга қасамки, олти ой ҳам ўтмай бизнинг узоқ вақт олдин мулкимиз бўлган еримизнинг лойиҳаси топилиб қолди ва унинг эвазига катта пул берилди. Шундан кейин катта ўғлим олийгоҳга ўқишга кирди, Қуръони каримни тўлиқ ёдлаб, бошқаларга ёрдам берадиган инсон бўлди. Уйимиз хайр-баракага тўлиб, ҳаётимиз яхшиланди. Аллоҳ ўғилларим ва қизларимни яхши инсон бўлишини насиб этди. Шундай қилиб ғам-ташвишларим кетиб, дунёдаги энг бахтли аёлга айландим.
Шуъла: Агар умидсизликка таслим бўлсангиз, сиз ҳеч нарса ўрганолмайсиз ва саодатни қўлга киритолмайсиз.
Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларига 2026-2027 ўқув йили учун кириш тест синовларининг 5-ҳудуд (Бухоро вилояти) бўйича имтиҳон жараёнлари Мир Араб олий мадрасаси биносида бўлиб ўтди.
Мазкур ҳудуд бўйича диний таълим муассасаларига ҳужжат топширган 657 нафар абитуриент тест синовларида иштирок этди.
Имтиҳонларнинг шаффофлиги, адолатлилиги ҳамда тартиб-интизомини таъминлаш мақсадида жараёнларга Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул раҳбарлари, диний таълим муассасалари мутасаддилари, педагог-ўқитувчилар ҳамда ички ишлар ва тиббиёт ходимлари жалб этилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин абитуриентларга имтиҳон топшириш тартиби ва баҳолаш мезонлари батафсил тушунтирилди. Барча жараёнлар белгиланган талаб ва қоидаларга мувофиқ, юқори даражада ташкил этилди.
Ташкилотчилар тест жараёнларининг шаффоф ва тартибли ўтишига яқиндан кўмаклашган Бухоро шаҳар ички ишлар органи, соғлиқни сақлаш бошқармаси тиббиёт ходимлари ҳамда диний таълим муассасалари вакилларига ўз миннатдорлигини билдирдилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати