Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Истиғфор ризққа барака келтиради

29.04.2026   12316   1 min.
Истиғфор ризққа барака келтиради

Орзулар ёлғондек кўриниб дарак беради,
Лек ғалаба кўп қийинчилик билан келади.

 

Бир аёл айтади: Мен ўттиз ёшга тўлганимда эрим вафот этди. Беш фарзандимиз бор эди. Дунё кўзимга қоронғу кўриниб тинмай йиғлардим, охири кўзимга зарар беришини ўйлаб ўзимга келдим. Лекин мени ғам-ташвиш чулғаб олди. Чунки бизда оиламизга етадиган бирор кирим йўқ, фарзандларим эса ёш ва отамиз бизга ҳеч нарса қолдирмаган эди. Хонамда ўтирган вақтимда магнитафонни ёқдим, шунда бир шайхнинг бундай деяётганини эшитиб қолдим: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من لزم الإستغفار جعل الله له من كل ضيق مخرجا

“Ким истиғфорни кўпайтирса Аллоҳ таоло унга ҳар қандай ғамдан енгилликни ва тангликдан чиқиш йўлини қилиб қўяди” (Имом Абу Довуд ривояти).

Шундан кейин истиғфорни кўпайтирдим, фарзандларимга ҳам шундай қилишларини буюрдим. Аллоҳга қасамки, олти ой ҳам ўтмай бизнинг узоқ вақт олдин мулкимиз бўлган еримизнинг лойиҳаси топилиб қолди ва унинг эвазига катта пул берилди. Шундан кейин катта ўғлим олийгоҳга ўқишга кирди, Қуръони каримни тўлиқ ёдлаб, бошқаларга ёрдам берадиган инсон бўлди. Уйимиз хайр-баракага тўлиб, ҳаётимиз яхшиланди. Аллоҳ ўғилларим ва қизларимни яхши инсон бўлишини насиб этди. Шундай қилиб ғам-ташвишларим кетиб, дунёдаги энг бахтли аёлга айландим.

Шуъла: Агар умидсизликка таслим бўлсангиз, сиз ҳеч нарса ўрганолмайсиз ва саодатни қўлга киритолмайсиз.

Доктор Оиз ал-Қарнийнинг
"Дунёдаги энг бахтли аёл" китобидан

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“The Diplomatic insight”: Ўзбекистон ўтмишининг бой меросини замонавий тараққиёт ва миллий юксалиш билан уйғунлаштираётган давлат

16.09.2026   12386   3 min.
“The Diplomatic insight”: Ўзбекистон ўтмишининг бой меросини замонавий тараққиёт ва миллий юксалиш билан уйғунлаштираётган давлат

Покистоннинг “The Diplomatic insight” порталида Покистон тинчлик ва дипломатик тадқиқотлар институти ижрочи директори Муҳаммад Асиф Нур қаламига мансуб Ўзбекистоннинг маърифатпарвар мероси сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

“Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги фақат Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг маҳобатида эмас. Бу қадим юртнинг энг катта бойлиги инсониятга ҳисоблашни, даволашни, осмон жисмларини кузатишни, эътиқодни англашни, адолат билан бошқаришни ва тилга тамаддуний оҳанг бағишлашни ўргатган буюк тафаккур соҳибларининг ворислигидадир”, –деб ёзган муаллиф.

Муҳаммад Асиф Нурнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бугун Ўзбекистонда музейлар, илмий марказлар, ихтисослаштирилган мактаблар, китобхонлик дастурлари ва маданий дипломатия орқали Учинчи Ренессанснинг пойдеворига тамал тоши қўйиляпти.   

“Бу мақсад 2026 йил 17 март куни Тошкентда Ислом цивилизацияси марказининг очилиши билан янада аниқ ифода топди. 1 июнга қадар марказга ярим миллион киши, жумладан, 150 дан ортиқ хорижий делегация ташриф буюрди. Қарийб 2 000 нафар олим 810 та тегишли лойиҳада иштирок этди, 1 000 дан ортиқ маданий ашё эса хориждан Ўзбекистонга қайтарилди. Расмий маълумотлар мамлакат хотирани таълим ва миллий ишончга айлантираётганини кўрсатади”, – дея қайд этилган нашрда.

Шунингдек, мақолада 2026 йилда Самарқанд яқинидаги Имом Бухорий мажмуаси қайта қурилиб, зиёратчилар учун очилгани эътироқ этилган. Унда 10 минг кишилик масжид, музей ва илмий-тадқиқот муассасалари барпо этилди. Мажмуанинг кунлик ташриф буюрувчиларни қабул қилиш имконияти 65 минг кишига етди ва биринчи ойнинг ўзида мажмуага бир миллиондан ортиқ одам ташриф буюрди. Бу маскан зиёратни билим, тадқиқот ва маънавий тарбия билан уйғунлаштиради.

 Муаллиф ўз мақоласида Амир Темур ва Темурийлар меросининг Ўзбекистон тарихи ва тараққиётида тутган ўрнига алоҳида эътибор қаратган.

“Темурийлар даври нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон тамаддунида ҳам муҳим палла ҳисобланади. Амир Темур Самарқандни қудратли давлат марказига айлантирди ва меъморчилик, илм-фан ҳамда маданият тараққиётини қўллаб-қувватлади. 2026 йилда Ўзбекистонда Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги кенг нишонланмоқда, Темурийлар тарихи давлат музейи қайта реконструкция қилинди ва апрель – Амир Темур ойи деб эълон қилинди”, – дейилади манбада.

Асиф Нурнинг эътироф этишича, Ўзбекистонда маърифатпарварлик ғоялари  ҳеч қачон фақат қўлёзмалар билан чекланиб қолмаган. У маҳаллада, устоз ва кексаларга ҳурматда, устоз-шогирд анъаналарида ва меҳмондўстликда яшайди. У Шашмақом оҳангларида янграйди, Лазги рақсида намоён бўлади, Аския санъатида тилга киради, бахшилар ижросида ҳикоя қилинади, атлас ва адрас матоларида ўз ифодасини топади. ЮНЕСКО томонидан тан олиниши бу анъаналарнинг жаҳон миқёсидаги аҳамиятини тасдиқлайди.

Муаллиф ўз мақоласини “Ўзбекистоннинг маърифатпарвар меросининг илдизлари қадимий – аммо унинг ҳақиқий манзили – келажакдир”, – деган сўзлар билан якунлаган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари