Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
"Ҳаж маълум ойлардир. Кимки уларда ўзига ҳажни фарз қилса, ҳажда шаҳвоний нарсалар, фисқ ва жанжал йўқдир. Нима яхшилик қилсангиз, Аллоҳ уни биладир. Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир. Менга тақво қилинг, эй, ақл эгалари!" (Бақара сураси, 197-оят).
Мамлакатимизда ҳар йили “9 май – Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишонланади. Шу муносабат билан Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Инсон қадри улуғ, хотира муқаддас” шиори остида ҳафталик тадбирлар ташкил этиш режалаштирилган.
Мазкур ҳафталик тадбирлар режаси доирасида Тошкент ислом институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчи ва талабалари Ҳазрати Имом мажмуасидаги Қаффол Шоший мақбарасини зиёрат қилдилар.
Қаффол Шоший мақбарасида муҳаддис ва тилшунос Абу Бакр Муҳаммад ибн Али аш-Шоший (904-976), Ўрта Осиё ва Қозоғистон диний назорати биринчи муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон (1858-1957), собиқ муфтий, Тошкент ислом институти таъсисчиларидан бири Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон (1908-1982), Саидаҳрорхон Махдум ибн Абдуллоҳ Махдум (1876-1922), Баҳодирхон Махдум ибн Имом Муҳаммадхон Эшон (1848-1909), Имом Муҳаммадхон Эшон ибн Юнусхўжа Эшон (ваф. 1882) каби уламоларнинг қабри мавжуд.
Институт ректори Уйғун Ғафуров “Қаффоли Шоший” мақбараси, унда ётган Абу Бакр Шоший, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасининг биринчи муфтийси Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон ва муфтий Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон, устозлари Баҳодирхон Махдум тўғрисида қимматли илмий маълумотларни гапириб берди.
Ўтганлар руҳларини шод этиш учун Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, институт талабалари томонидан тайёрланган Хатми Қуръон савоблари мазкур мақбарада дафн қилинган уламолар руҳониятига бағишланди ҳамда уларнинг ҳақларига кўплаб дуои хайрлар қилинди. Зеро, ўтган аждодларимизни хотирлаш ва уларнинг солиҳ амалларини эсга олиш буюк анъаналармиз ва қадриятларимиздан ҳисобланади.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада шундай марҳамат қилганлар: “Дунёдан ўтиб кетларингизни яхшиликлари билан эсга олингизлар”.
@oliymahad – диний-маърифий канал!