Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннат амалларидан бири ҳақида 100 дан ортиқ ҳадисларда келган. Бу қайси суннат эканини биласизми?
Ҳадис ва фиқҳ илмининг билимдони Аллома Ибн Мулаққин раҳимаҳуллоҳ мисвок ишлатиш ҳақида 100 дан ортиқ ҳадис келганини айтган.
Хусусан, "Саҳиҳ Бухорий"да келган ҳадисда .«Пайғамбар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мисвок оғизни покловчи ва Роббни рози қилувчидир", деганлар.
Мисвокни ҳатто рўзадор киши ҳам ишлатса бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олдин сўнгги бор қилган амаллари ҳам, вафот этганларида муборак қўлларидан тушиб кетган нарса ҳам мисвок эди.
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Агар умматимга машаққат бўлмасин, демаганимда уларни ҳар таҳоратда мисвок қилишга амр этар эдим", деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Мисвок билан ўқилган икки ракат намоз мисвоксиз ўқилган етмиш ракат намоздан афзалдир", дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат вақтида мисвок ишлатганлар, бироқ намоздан олдин мисвок ишлатганлари ҳақида ривоятлар йўқ. Қолаверса, мисвок ишлатилганда милклар қонаб кетиши эҳтимоли катта. Қон оқиши эса таҳоратни синдиради. Шунинг учун, мисвокни намоздан олдин эмас, айнан таҳорат қилиш асносида ишлатиш лозим.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мисвок ишлатиш фақат таҳорат ва намоз билан боғлиқ эмас. Балки яна кўп ҳолатларда мисвок ишлатиш мумкин.
Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Худди котиб қулоғига қалам қистириб оладиганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қулоқларига мисвок қистириб олар эдилар” (Имом Байҳақий ривояти).
Бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвокка қанчалик аҳамият берганларини кўрсатади. У зот умматга мисвокни тарғиб қилгач, энг аввало уни ўзлари амалда кўрсатганлар.
Миқдом ибн Шурайҳ ибн Ҳониъ Ҳорисий отасидан ривоят қилади: “Мен Оиша розияллоҳу анҳодан: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйга кирсалар, ишни нимадан бошлар эдилар?” деб сўраганимда, у: “Мисвок (ишлатиш) билан”, деб жавоб берди (Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти).
Бу ривоятлардан мисвок фақат таҳорат ва намоз вақтига боғлиқ эмаслигини билиб оламиз.
Биз бугун оғизни покловчи, Роббни рози қилувчи бу суннатга қанчалик амал қиляпмиз?
Таҳорат олаётганимизда, уйга кирганимизда мисвок ишлатяпмизми?
Афсуски, йўқ....Аввал билмаган бўлсак энди билиб олдик, амал қилишга киришайлик ва бошқаларга ҳам бу ҳақда етказайлик.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бугунги жамиятимизда одоб-ахлоқ жиҳатидан оқсоқликлар кўзга ташланмоқда. Салом бериш, ёрдамга муҳтожларни кўрганда кўмаклашиш, ўзидан катталарга ҳурмат кўрсатиш каби қадриятлар камайиб бораётганини ҳеч ким инкор қилмаса керак. Ҳолбуки, ҳар бир ота-она фарзандининг илмли, солиҳ ва етук инсон бўлиб камол топганини кўришни орзу қилади. Бироқ “ҳолва” деган билан оғиз ширин бўлмайди. Яъни қуруқ орзу-ҳаваснинг ўзи кифоя қилмайди. Балки доимий ва тартибли таълим-тарбия ишига киришиш лозим бўлади. Бу борада жамиятдаги инсонларни уч тоифага бўлиш мумкин:
1. Ўзи ҳам амал қилиб, фарзандини ҳам эзгуликка етаклайдиганлар. Бу тутум дунё ва охират саодатини кўзлаган мўминнинг йўли. Тарбияда энг самарали омил ота-онанинг шахсий намунасидир. Болага, аввало, Аллоҳни танитиш ва солиҳ амаллар билан ўрнак бўлиш лозим. Қуръони каримда таъкидланганидек, иймон келтириб, эзгу амал қилганларга дунёда покиза ҳаёт, охиратда эса абадий жаннат башорати берилган (Наҳл сураси, 97-оят).
2. Ўзи амал қилмай, фарзанди тарбиясига мол-дунё сарфлайдиганлар. Унутманг, пул ҳамма нарсани ҳал қилмайди. Ота-онанинг ўзи диний ва ахлоқий мажбуриятларни бажармаса, панд-насиҳатлари фарзандга таъсир қилмайди. Оилавий муҳитда ота таъминотга, она тарбияга масъул бўлиб, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик бўлиши шарт.
Шунингдек, ота-оналарнинг беҳуда ишлар, масалан, телефонга кўп боғланиб қолиши тарбиядаги энг катта бўшлиқни юзага келтиради. Фарзанд камолоти учун унинг вақтини тўғри тақсимлаш, уйқу ва дарс тартибини доимий назоратда тутиш, тартибни ушлаш лозим. Энг муҳими, хулқ илмдан устун туради: хулқсиз берилган илм инсонни залолатга етаклайди, шу боис фарзандга гўзал ахлоқий тарбия бериб, сўнг илм билан зийнатлаш керак.
3. Ўзи ҳам амал қилмай, фарзандини ҳам бунга чақирмайдиганлар. Бу тоифанинг оқибати хатарлидир. Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида бундай марҳамат қилади: “Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унинг учун танг ҳаёт бўлур...” (124-оят). Мана шу оятнинг ўзиёқ кишини сергак торттириб, бу тоифадан бўлиб қолмасликка ундаши лозим.
Хулоса шуки, фарзанд қалби ва руҳияти илдиз отиши керак бўлган дарахт кўчати кабидир. Унинг илдизини иймон ва тақво мустаҳкамлайди. Шундай экан, ким фарзандлари камолини кўришни истаса, амали ва эътиборини билан шунга ҳаракат қилсин. Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлда бардавом қилиб, зурриётларимиз камолини кўрсатсин.
Азиза РАҲМАТОВА,
Самарқанд тумани бош отинойиси