Ўзбекистондаги 2026 йилги Ҳаж мавсуми 2 майдан бошланади. 18 майга қадар ҳар куни юртимиздан Саудия Арабистонига авиақатновлар амалга оширилади.
Зиёратчилар юртимизнинг 9 та ҳудуди – Тошкент, Наманган, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз ва Урганч шаҳарларидаги аэропортлардан Мадина шаҳрига тўғридан-тўғри учади.
Ҳамюртларимизни Мадина шаҳрига етказиш Саудия Арабистонининг FlyAdeal авиакомпанияси томонидан, ҳожиларни она-Ватанимизга олиб келиш эса Uzbekistan Airways томонидан амалга оширилади.
Ҳаж тадбирларини ташкил этиш бўйича қуйидаги тайёргарлик ишлари жадал амалга оширилмоқда:
– зиёратчилар тиббий кўрикдан ўтказилиб, менингит касаллигига қарши эмланди;
– бўлғуси ҳожиларнинг расмий ҳаж визалари ва бошқа зарур ҳужжатларни расмийлаштириш якунланди;
– зиёратчиларга гуруҳ раҳбарлари бириктирилиб, сафар олди машғулотлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, ҳар бир зиёратчига қуйидагилар тақдим этилмоқда:
– “Ҳаж – буюк ибодатдир” қўлланмаси
– сумка
– нимча
– термос
– соябон
– сим-карта
– қувватлагич.
Айни пайтда Саудия Арабистонида бўлиб турган "Ҳаж – 2026" мавсуми илк ишчи гуруҳлари ҳамкор ташкилотлар билан бирга меҳмонхоналар, Мино ва Арофот водийларида зиёратчилар ибодатларини бекаму кўст адо этиши учун муносиб шароитлар тайёрлаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг веб-сайти ва ижтимоий тармоқларида Ҳаж амаллари ҳақидаги суҳбатлар, тавсиялар ва мақолалар тақдим этилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги, «Вақф хайрия» жамоат фонди ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида кам таъминланган оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйи ўтказилди.
Хайрли тадбир давомида болажонларга кийим-кечаклар ва совға-саломлар тақдим этилиб, уларнинг қувончига қувонч улашилди. Тўйхонада ош дамланиб, меҳмонлар ва юртдошларга дастурхон ёзилди.
Бундай хайрли ва саховатли ишлар мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилиб, халқимизга бўлган меҳр-эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Сирдарё вилояти вакиллиги матбуот хизмати